Ассалому алайкум. Дизайнерликка жудаям қизиқаман (ёшим 17 да). Лекин уй ишларидан бўшамайман. Уй ишларига ўралашиб юравериб, борган сари қизиқишим ҳам йўқолиб кетаяпти. Жаҳлим ҳам жуда тез бўлиб қолган. Дизайнер бўлиш учун университетда ўқиш керак экан. Лекин бизнинг оилада бунга рухсат беришмайди. Тикувчига шогирд тушай десам, &қуот;бошида иш тикишимга қараб туриб ўрганасиз&қуот;, дейди. Менга у нарса ёқмайди, мен тезда ўрганиб олишни хоҳлайман. Менга маслаҳат беринг.
Руҳшунос:
Ва алайкум ассалом. Ҳар бир ишни пухта ва мукаммал ўрганиш учун албатта иш бошидан бошлангани маъқул. Ўз ишининг устаси бўлган одам шогирдини ўз услубига солиб олиши керак бўлади. Сизда институтда ўқишга шароитингиз тўғри келмаса, шогирдликка тушганингиз маъқул. Дизайнер бўлмоқчи бўлсангиз тикувчиликдан бошлашганингиз яхшироқ. Ишингиз мукаммал бўлиши учун яхшилаб, шошилмай ўрганиб олинг. Шошилиш шайтондандир. Шу маънода ҳадис ҳам бор. Бунга вақт ажратишингиз учун эса уй ишларингизни режалаштириб қўйгангиз яхши. Хафтадаги 7 кунингиздан уй тозалашга қанча вақт, кир ювиш ва дазмол қилишга қанча вақт, овқат пиширингиз учун қанча вақт ажрата оласиз. Ана шуларни бир дафтар тутиб ёзиб юрсангиз, иш ва ўқишингизга қанча вақт сарфлашингиз ўз-ўзидан ажралиб чиқади. Биз аёллар кўпинча вақтимиздан унумли фойдаланишни эпламаймиз. Набодо қизиқишингиз сўниб бораётган бўлса, ўйлаб кўринг, эҳтимол бу касб эгаси бўлишни сиз аслида унчалик хоҳламаётгандирсиз. Чунки инсон қанча қийинчиликлар бўлса ҳам ўзининг мақсадига эришишга бир умр интилиб яшайди ва етиша олмаса атрофдагиларни бунда айбламайди. Сиз ҳали жуда ёшсиз. Ҳақиқатта ўзингиз хоҳлаган касб эгаси бўлгунингизча кўп изланишда бўласиз. Лекин бу дизайнерлик касби сизга тинчлик бермаса, ҳақиқатдан жуда қаттиқ қизиқишингиз бўлса, у ҳолда бу касбга қараб бирма-бир қадам ташлаб ҳаракатингизни бошланг. Тикувчиликни ўрганар экансиз, интернет орқали матоларнинг рангларини бир-бирига тушиши ҳақидаги илмни ҳам эгаллаб олинг. Кўпинча матоларнинг рангларини, либосларнинг рангларининг долзарблиги ҳар йили ўзгариб туради. Аммо табиатга эътибор қилинг. Яратувчи бу гўзал табиатда қайси рангларни ишлатди, ана шуларга катта эътибор қаратинг. Чунки табиийлик ҳар доим ҳам қадрли. Интернет оламида Мода намойишларини кузатиб боринг. Расм чизиш қобилиятингизни ривожлантиринг. Кўчага чиққанингизда аёлларнинг уст-бошига эътиборли бўлиб, уларнинг кийимларига нима ўзгартириш киритган бўлардингиз, шулар ҳақида мулоҳазалар юритишни одат қилинг. Чунки, бу изланишлар сизнинг истеъдод қирраларингизни очилишига янада ёрдам беради. Валлоҳу аълам.