Фарзандларимнинг тарбиясини ўзим буздимми?

15:19 / 04.11.2019 | Ilhom Abdurahmon | 1717
Мен 28 ёшдаман. Турмушга чиққанимга 4 йил бўлди. Ҳудога шукр 3 та фарзандим бор. Каттаси 3 ёш, иккинчиси 2 ёш ва кичиги 5 ойлик. 3 йил қайнона-қайнотам билан яшадик. Биласиз, оилада муоммолар, келишмовчиликлар бўлади. Мен уларга ҳечам гап қайтаролмай, аламимни болаларимдан олаверибман… Сал шўхлик қилса ҳам уларга бақириб, ураверибман. Ҳозир болалар биз билан мулоқот қилишади, бир-бирлари билан ўйнамоқчи бўлишади, лекин жуда ҳам аламзада, қўрқоқ бўлиб қолишган. Яхши гапга кўнишмайди, сал нарсага йиғлаб, бақириб жанжал қилиб, бир-бири билан урушиб кетишади. Яқинда каттаси боғчага чиқди. Боғча опалари ҳам шикоят қиляпти, болалар билан бесабаб урушавераркан. Илтимос маслаҳат беринг. Қандай қилиб тарбиясини йўлга қўйиб олсам бўлади?
Руҳшунос:
Аввал ўзингиз билан ўзингиз келишиб олишингиз керак. Чунки ичингизда хотиржамлик йўқ, аламзадалик бор. Шу сабаб болаларингиз сизнинг ички руҳий кечинмаларингизни намоён этмоқдалар. Қачонки сиз хотиржам бўлиб олсангиз, болаларингиз ҳам бирин-кетин хотиржам бўла бошлайди, катталарнинг гапини эшитадиган, жим ўтирадиган жойда жим бўлиб, шўхлик қиладиган жойда шўхлик қила оладиган, ўзига ишонган, фаҳм-фаросатли болаларга айлана бошлайдилар. Хотиржам бўлишингиз учун эса психолог билан суҳбатлашиб олишингиз керак. Ҳозирча шу нарсани маслаҳат бера оламанки, ҳаётингизда нима бўлишидан қатъий назар, қайнонангиз хафа қилса ҳам, билингки бу ишлар сизни нималаргадир ўргатади. Бу воқеалардан хулоса чиқаришга имконият деб қарашингиз сизни хотиржамликка олиб келади. Йўқса, бу аламлар азоб, ноҳақ иш деб қабул қилинса тақдирга исён бўлиб қолиши мумкин. Валлоҳу аълам.