Ассалому алайкум! 4 ёшли қизим бор. Боғчага бормайди. Ҳамма ишларда менга ёрдам беради, укасига қарайди, унга меҳрибон. Уйда ўзим ҳарфлар, сонлар, ранг ва шаклларни ўргатганман. Қисқа сура ва дуоларни ёдлатганман. Ўзлаштириши яхши, алҳамдулиллаҳ. Лекин ниманидир уддалай олмаса, йиғлаб жазавага тушиб, қўлидаги нарсаларни отиб юборадиган одати бор. Унга яхши гапириб ҳам, қаттиқроқ гапириб ҳам кўрдим, лекин фойдаси бўлмади. “Ҳамма ҳам секин-секин ўрганади, бирдан қилолмайди”, деб тушунтиришга ҳаракат қилдим. Барибир фойдаси бўлмаяпти. Нима маслаҳат берасиз, қандай йўл тутай?
Руҳшунос:
Ва алайкум ассалом. Демак сизда ўзингизга нисбатан шунга ўхшашроқ кўз қараш бор эканда. Яхшилаб ўйлаб, ўзингизга ташқаридан қарашга ҳаракат қилиб кўринг. Қизингизнинг олдида атайлабдан бирон хато қилиб қўйинг. Сўнг “Вой мен бу ерда хато қилиб қўйдим. Майли ҳеч қиси йўқ. Бу иш менга зўр дарс бўлди. Демак кейинги сафар бу хатони қилмай, мана бундай... йўл тутишим учун шу хатони қилибманда”, деб айтинг. Кейин қизингизга эътибор бериб туринг. У албатта шу гапларни қайта-қайта гапирганингизни эшитиши керак. Йўқса болада психология тили билан айтганда “синдром отличника” (“аълочилар” синдроми) ҳолатини келтириб чиқариши мумкин. Бу дегани ҳар доим ҳаммадан ақл даражаси, ҳатти-ҳаракатлари билан ажралиб туриш, бирон иш қилинганда энг аъло даражада бажарилишига муккасидан кетиш, унчалик ўхшамаса кучли стрессга тушиб қолиш, ўзини кечира олмасликдир. Инсоннинг бу стресслар ичида яшаши унга жуда кучли аъзоб беради. Чунки бандасининг қўлидан ҳар иш келавермайди. Иш ўхшамаганда Яратганга таваккул қилиш ҳам керак. Албатта инсон етук бўлишни, ҳар ишда илғор бўлишни истайди ва шунга интилиб яшайди. Аммо чегарадан чиқмаслик керак. Қўлидан келганини бажаришга ҳаракат қилиб яшаши керак. Валлоҳу аълам.