Ва алайкум ассалом. Демак сизда ўзингизга нисбатан шунга ўхшашроқ кўз қараш бор эканда. Яхшилаб ўйлаб, ўзингизга ташқаридан қарашга ҳаракат қилиб кўринг. Қизингизнинг олдида атайлабдан бирон хато қилиб қўйинг. Сўнг “Вой мен бу ерда хато қилиб қўйдим. Майли ҳеч қиси йўқ. Бу иш менга зўр дарс бўлди. Демак кейинги сафар бу хатони қилмай, мана бундай... йўл тутишим учун шу хатони қилибманда”, деб айтинг. Кейин қизингизга эътибор бериб туринг. У албатта шу гапларни қайта-қайта гапирганингизни эшитиши керак. Йўқса болада психология тили билан айтганда “синдром отличника” (“аълочилар” синдроми) ҳолатини келтириб чиқариши мумкин. Бу дегани ҳар доим ҳаммадан ақл даражаси, ҳатти-ҳаракатлари билан ажралиб туриш, бирон иш қилинганда энг аъло даражада бажарилишига муккасидан кетиш, унчалик ўхшамаса кучли стрессга тушиб қолиш, ўзини кечира олмасликдир. Инсоннинг бу стресслар ичида яшаши унга жуда кучли аъзоб беради. Чунки бандасининг қўлидан ҳар иш келавермайди. Иш ўхшамаганда Яратганга таваккул қилиш ҳам керак. Албатта инсон етук бўлишни, ҳар ишда илғор бўлишни истайди ва шунга интилиб яшайди. Аммо чегарадан чиқмаслик керак. Қўлидан келганини бажаришга ҳаракат қилиб яшаши керак. Валлоҳу аълам.