Ассалому алайкум. Аллоҳ барчамиздан рози бўлсин. Саволим шуки, қизим 3 ёшу 2 ойлик. Бир кун кечаси у уйғониб кетиб, роса йиғлади. «Мен йиқилиб тушдим, сиз мени ушлаб қолмадингиз», деб йиғлади. Бу ҳолат 2 марта содир бўлди. Қизим бу холатга тушишига нима сабаб бўлиши мумкин? Эрталаб турганидан кейин ундан «Кеча нима бўлди?», деб сўрасам, «Зинадан йиқилдим, машинага чиқдим, сиз тепада эдингиз, мени ушлаб қолмадингиз» ва шунга ўхшаш хар ҳил гаплар айтди.
(Қизим боғчага боради, телевизорда мултфилмлар кўради, 2 ёш укаси бор.)
Руҳшунос:
Ва алайкум ассалом. Тушларга бу даражада қаттиқ эътибор бериш керак эмас. Тўғри, гоҳида катталар маъно билдирувчи тушлар кўришади. Лекин боланинг туши бу шунчаки туш. Телевизорда кўрганидан чўчиб кетса, ҳаётида нимадандир қўрқса, бу онг остида ёзилиб қолади. Туш эса онг остига боғлиқ. Буни ўзингизда ҳам синаб кўришингиз мумкин. Инсон нимадандир хавотирланса албатта тушларида қўрқинчлик ёки кўнгилни хира қилувчи тушларни кўради. Болага ҳар куни кечқурун ва эрталаб суннатга мувофиқ дам солиб ухлатинг. Бу ишингиз болага ҳам одат бўлиб қолади. Кўчадан уйга кирганда “бисмиллаҳ”ни айтишни, ҳар ишга қўл урганда шундай қилишни ўргатиб боринг. Валлоҳу аълам.