Ассалому алайкум. Устозлар, сизларга ушбу барчага фойдали бўлган ишингизда чарчамасликни, Аллоҳдан сизларга дин йўлида, халқ манфаати ва фарзандлар келажаги учун қилаётган меҳнатингизга улкан ажру мукофотлар сўраймиз.
Саволим: Фарзандим қўрқоқ, атрофидагилардан кўп шикоят қилади. Масалан, «Қаранг, уряпти», «Қаранг, нарсаларга тегяпти»га ўхшаш. Гапирсам биттада қулоқ солмайди, қачонки жаҳлим чиқиб уришсам, кейин қулоқ солади. Ҳозир 5 ёшда, қандай тарбия қилсам тўғри бўлади? Олдиндан раҳмат!
Руҳшунос:
Ва алайкум ассалом. Болага сизнинг эътиборингиз етишмайди. Бундай ҳолатда бола билан кўпроқ мулоқотда бўлишингиз, “ўғлим ўзинг ақлли боласанда, фалон нарсани менга олиб кел, фалон нарсани жойига обориб қўйгин” каби ишларни бажаришга руҳлантиришингиз керак. Буюрган ишингизни бажарса яна бир мақтаб қўйишингиз керак. Қучоқлаб туришингиз керак. Қучоқлаганингизда ҳам “мени ақлли ўғлим, фалончи бўладиган ўғлим” ( илмли ёки врач, учувчи, физик, математик каби сўзларни ишлатиш мумкин) каби гаплар билан бағрингизга тез-тез қаттиқ босишингиз керак. Болани ҳозирданоқ феълида бу қилиқларни бартараф қилишга ҳаракат қилмасангиз, мактабга чиққач ўқитувчисига бошқа болалар устидан гап ташиши мумкин. Гапингизга кириши учун ҳам унга бақирмаслик, овозни қўпол қилмаслик керак. Чунки бирон инсонга иккинчи инсон қўполлик қилса ёки дилни хира қиладиган салбий гапларни гапирса, эшитган инсоннинг “мияси ёпилиб” қолади гўё. Бу ҳолда ҳеч қандай гап кор қилмайди. Гапирилган гапни тушуниб етиши учун камида ярим соат вақт ўтиши керак бўлади. Шунинг учун болага иш буюрмоқчи бўлсангиз ҳар доим чиройли гаплар, яхши оҳангда гапириб мурожаат қилиш керак. Валлоҳу аълам.