Болаларим ота меҳрисиз ўсишмоқда

15:11 / 07.11.2019 | Ilhom Abdurahmon | 1572
Ассалому алайкум. Мени икки нафар ўғил фарзандларим бор, 5 ярим ёш ва 4 ёш. Фарзандларимнинг оталари узоқда, хорижда ишлайдилар, хар 4-5 ойда 15-20 кунга келадилар ва яна иш фаолиятларини давом эттириш учун қайтиб кетадилар. Шундай пайтларда 2-фарзандим дадасини жуда соғинишини биламан. Баъзида ўзим ҳам ҳозир буларнинг айни ота меҳрига муҳтож пайти деб ўйлаб қоламан. Айтингчи, бу ҳолат фарзандларимга салбий таъсир қилмайдими?Жавоб учун олдиндан раҳмат.
Руҳшунос:
Ва алайкум ассалом. Албатта ўғил фарзанд бўлсин, қиз фарзанд бўлсин ота меҳри жуда зарур. Аммо сизнинг шароитингизда ота оилангизни боқиш учун шундай узоқ муддатга кетишга мажбур экан, сиз ота ва болаларни боғловчиси бўлиб туришингиз керак. Масалан “фалон ишни қилма отанг хафа бўлади” ёки “фалонни бажарсанг отанг сендан ҳурсанд бўлади”, “отанг нима деганди, бир эслачи” каби гапларни гапириб турсангиз, болаларга гўё отаси кўп муддатга кетмагандек, гўё отаси ёнидадек туюлиб туради. Ҳамда ҳозир интернет орқали ҳар куни кўришиб, гаплашиб туриш мумкин. Шундай қилинганда отанинг узоқдалиги унча билинмайди. Интернет орқали гаплашганингизда ҳам отасига “ўғлингиз айтганингизни қилиб фалон ишни зўр бажарди, сизни келишингизга сизни ҳурсанд қиладиган бола бўлиб турадида” каби гапларни гапириб мақтаб туринг. Ота-болани шу каби ишлар орқали меҳрини яқинлаштириб туришингиз мумкин. Ҳамда оилангизда боболари, амаки ва тоғалари бор бўлса, отасининг йўқлигида улар билан кўриштириб турганингиз маъқул. Улар билан қанча кўп мулоқот қилиб туришса шунча яхши. Валлоҳу аълам.