Гемарройни уй шароитида даволаса бўладими?

17:00 / 05.12.2019 | Мастурахон | 7949

Ассалому алайкум. Жуда кўп одамларни гемаррой безовта қилади. Гемарройни уй шароитида даволаса бўладими? Буни пайдо бўлишига нима сабаб бўлади? Унинг олдини олса бўладими? Жавоб учун раҳмат.

Шифокор:

Ва алайкум ассалом. Таъкидлаш керакки, бавосилга чалинган беморларнинг аксарияти, шифокорга мурожаат қилишдан ийманиб, ўзларича дори-дармон қилишади. Нотўғри муолажанинг оқибати эса маълум: касаллик янада зўрайиб, аҳвол оғирлашади...

Хўш, бавосил қандай касаллик? Келиб чиқиш сабаблари нимада? Давоси-чи?

Шу каби саволларга проктолог-жарроҳ шифокор Рустам Тўлаганов жавоб беради:  

“Ич қотиши жуда ёмон ҳолат. Бавосил тўғри ичак пастки қисми вена қон томирининг тугун-тугун бўлиб кенгайиши бўлиб, тугунлар орқа чиқарув тешигида жойлашишига қараб ички ва ташқи бўлади. Тиббиёт отаси Гиппократ бу касалликка “геморрой” деб ном берган эди. Бавосил ривожланишига туртки берувчи сабаблар бир қанча: кам ҳаракатлилик, оғир юк кўтариш, узоқ вақт ич қотиши, йўғон ичак касалликлари ва ҳоказо. Бу касалликка чалиниш анчайин осон. Гап шундаки, одам кўп вақтини вертикал, яъни тик ҳолатда ўтказади. Оқибатда эса оёқ, кичик чаноқ аъзолари ва тўғри ичак веналарида қон босими ошади. Одамнинг ёши ўтгани сайин бу веналар заифлашади. Шу аҳволда ўткир таъмли ва ёғли овқатларни кўп есангиз, спиртли ичимликлардан тийилмасангиз, муаммо орттириб олишингиз ҳеч гап эмас. Аввалига ҳазм иши бузилади, қабзият келиб чиқади. Сурункали қабзият, яъни ич қотиши эса кўпинча бавосилни ўзига “ҳамроҳ” қилиб олади. Ҳомиладор аёлларда ҳам бавосил кўп кузатилди. Чунки уларда тўғри ичак чаноққа ёпишиб туришга мажбур ва бу вена томирларининг эзилишига олиб келади. Туғруқ пайтидаги кучаниш ҳам қўшимча салбий таъсирлардан ҳисобланади.

 

Бавосилнинг босқичлари

 Касалликнинг биринчи босқичида бавосил тугунлари катталашиб, кўпинча ҳожат пайтида қонайди, чунки узоқ вақтгача қонга тўлиб туриши натижасида тугунлар чўзилади ва девори юпқалашиб қолади. Кейин ёрилиб, яралар пайдо бўлади. Бавосилнинг қон чиқмайдиган тури ҳам бор, бунда орқа тешик соҳаси қичийди, ачишади, худди нимадир борга ўхшаб туюлади. Баъзан беморлар ўтиб кетар, деб бепарво юраверадилар. Оқибатда касаллик сурункали турга ўтади, жиддий даво қилинмаса, тобора зўрайиб, асоратлари пайдо бўлади. Энг кўп учрайдиган асорати – бу қон кетиб, камқонликка олиб келиши ёки ўткир тромбозлар ҳосил қилиши.

 Касалликнинг иккинчи босқичида одам узоқ ўтирса ва кучанаверса, тугунлар ташқарига чиқиб қолиши мумкин. Баъзан ҳожатда артинганда қоғозда қон изларини кўриш мумкин, баъзан эса ҳожат пайтида қон тизиллаб оқади. Ана шунда дарров шифокор- проктологга мурожаат қилиш шарт. Афсуски, бепарво бўлганда, учинчи босқич бошланади. Энди бемор чиқиб қолган тугунни қўли билан итариб ичкарига киритишга мажбур бўлади. Бу босқичда тугунлар, ҳатто аксирганда ёки оғир юк кўтарганда ҳам чиқиб кетиши мумкин. Асорат оғирлашганда, жарроҳлик йўли билан даволанади.

Тўртинчи босқичда бавосил тугунлари ичга кирмайди, узум шодасига ўхшаб кетади, яллиғланади. Бундай пайтда оғриқ жуда кучли бўлади. Ҳатто ҳожат қоғозининг салгина тегиши ҳам кучли оғриқ беради.

Бу касалликнинг давоси бор. Шифокор текширганда, тўғри ичакда хавфли ўсма ёки полиплар ва яралар бор-йўқлигини аниқлаб, даволашга киришади. Бавосил тўғри даволанса, бир ҳафтада ўтиб кетади. Шифокор текширишдан олдин, албатта, оғриқсизлантиради. У қандай оғриқсизлантирадиган препаратлар – таблеткалар, суртмалар, гемороидал шамчалар кераклигини айтади. Бавосилга қарши шамчалар мураккаб консерватив даволаш учун мўлжалланган. Бир хил шамчалар оғриқсизлантирувчи, бошқалари яллиғланишга қарши, яна бири спаз молитик, бошқаси ярани битирувчи ёки қон оқишини тўхтатиш хусусиятига эга.

 Бавосилни даволашда, аввало, касалликни келтириб чиқарган асосий сабабларни аниқлаш ва шу сабабларни иложи борича йўқотиш керак бўлади. Спиртли ичимликлар ичмаслик, гармдори, қора мурч, сирка ва шўр нарсаларни вақтинча истеъмол қилмаслик зарур. Ёғли шўрвалар, дудланган маҳсулотлар, ўткир зираворлардан воз кечиш, енгил ҳазм бўладиган овқатларни тановул қилиш зарур. Бу хасталикка чалинган кишилар лавлаги, карам, сабзи, қора нон, қатиқ, кепак нон, ўсимлик мойи, олма, анжир, қора олхўри, ўрикдан кўпроқ истеъмол қилишлари керак. Ўрик шарбати ниҳоятда фойдали. Энг муҳими, ичингиз ҳамиша равон бўлсин.

Керакли маслаҳатлар.

Кунига камида 1,5-2 литр суюқлик ичинг. Сархил сабзавот ва мевалардан кўпроқ еб туринг. Буғдой кепаги ич келишини осонлаштириб, қабзиятнинг олдини олади. Орқа чиқарув тешиги соҳасини жароҳатламаслик учун кўп ҳуқна қилманг. Жисмонан фаол бўлинг, кичик чаноқ аъзоларида қон айланишини яхшилайдиган машқлар бажаринг. Ич келиши равон бўлишини таъминланг. Ортиқча вазнингиз бўлса, озинг. Ўзбошимчалик билан даволанмай, проктолог шифокорга мурожаат қилинг. Ўзингизга ўзингиз ташхис қўйиб, ўзбошимчалик билан даволанманг! Бавосил «ниқоби» остида тўғри ичакнинг бошқа касалликлари яширинган бўлиши мумкин. Ташхисни фақат мутахассис қўяди.