Ассалому алайкум. Жияним 4 ярим ёшда. Жуда ҳаракатчан, бир жойда ўтирмайди, ўйиндан ҳам тез зерикиб қолади. Боғчада ҳам зерикаркан. Ичида салбий энергия кўпми негадир фақат урушгиси келади, «нима қилишни хоҳлайсан?», деб сўрасак «уришни, ўлдиришни хоҳлайман», дейди. Кўпинча ҳақоратли сўзларни айтади, уйимизда унақа гаплар деярли айтилмайди. Аммо ёш болага бунчалик салбий ҳислар қаердан келган? Унга қандай муомала қилишни ҳам билмайман, жуда қайсар. Бу ҳолатда уни қандай тарбия қилиш мумкин? Албатта ҳаммамиз уни солиҳ фарзанд бўлишини хоҳлаймиз. Сизга олдиндан катта раҳмат. Қилаётган савобли ишингизда Аллоҳ сиздан рози бўлсин!
Руҳшунос:
Ва алайкум ассалом. Геперактив бола асосан кун тартибга қатъий амал қилиб яшаши мақсадга мувофиқдир. У еяётган таомларининг таркибида калий минерали бор бўлиши керак. Чунки айнан калий минерали инсонни бироз юмшайишига, сокинлашишига сабаб бўлади. Бола ҳаддан ортиқ чарчоқ ҳис этса ҳам гиперактивлиги янада ошиб кетади ва уни ухлатиш қийин бўлади. Бундай болани тоза ҳавода сайрга тез-тез олиб чиқиш, телевизор, компьютер ва телефонни мумкин қадар чеклаш, айниқса уйқудан бир-икки соат олдин чеклаш шарт бўлади. Гиперактив болага унинг ота-онаси ва бошқа оила аъзоларининг алоҳида эътибори ва тарбияси талаб этилади. Бола ҳар куни жисмоний, интеллектуал ва ҳис-туйғусига қаратилган алоҳида машқларни бажариши керак. Уни қилган амалларига яраша мақталиб туриши унинг ўзига бўлган ишончининг ошишига ёрдам беради. Бундай болага “йўқ”, “мумкин эмас” каби гапларни қўллаб бўлмайди. Болага гапирилаётганда овознинг оҳанги юмшоқ ва сокин бўлиши керак. Гоҳида гиперативлик ортидан неврологик ёки психологик касаллик беркиниши мумкин. Шунинг учун эҳтиёт шарт болани болалар невропатологи кўригига олиб борилгани маъқул. Валлоҳу аълам.