Ассалому алайкум. Аллоҳ ишларингизга барака ато этсин. Мен ўқитувчиман, 7-синф рахбариман. Бир ўқувчи қизимнинг ахлоқи жуда ёмон, бетга чопар, ҳеч кимни менсимайди, ҳеч кимдан қўрқмайди, ҳатто онасини жамоат ичида изза килиб йиғлатди. Онасини нимагадир жуда ёмон кўради. Болалар билан гаплашиб, хат ҳам ёзишяпти. Уни эплай олмай қолдик, бизда малакали психолог йўқ. Уни нима қилишни, қандай йўлга солишни билмаяпмиз. У қиз мактабнинг энг катта муаммосига айланиб қолди. Жавоб учун олдиндан раҳмат.
Руҳшунос:
Ва алайкум ассалом. Бир сўз билан фалон, фалон ишни бажарсангиз у қиз яхши бўлиб қолади дея олмайман. Бу қизни албатта болалар психологи кўригига олиб бориш керак. Агар зарурат бўлса болалар невропатологи кўригига ҳам олиб бориш керак бўлади. Бу ёшда, яъни ўспирин ёшида болалар кўпинча асабий, жиззаки, уларни биров тушунмагандек ўзини ёлғиз ҳис этиши кўп кузатилади. Психолог у қизнинг ҳаётида болалигидан бошлаб нима ҳодисалар юз берган, ана шуларни сўраб гаплашиб олиши керак. Бундай суҳбатда психолог бу қизнинг ўзини шундай тутишига нима сабаб бўлаётганини билиб олади. Кўпинча инсоннинг ҳаётидаги муаммоларнинг келиб чиқишига, ҳатто катта ёшли инсон бўлса ҳам болалигида содир бўлган воқеалар сабаб бўлиши мумкин. Ёки у қизга нисбатан гиперопека (ҳаддан зиёд ғамхўрлик) қилинган бўлса ҳам унда ўз камчиликларини, ўз хатоларини кўриш қобилияти ҳали ривожланмай қолган бўлиши ҳам мумкин. Агар шундай бўлган бўлса, демак психолог у қизнинг ижодий ривожланишига эътибор қилиши керак бўлади. Бу анча вақт талаб қиладиган вазиятдир. Валлоҳу аълам.