Ассалому алейкум хурматли устоз! Шунақанги уятчанманки, озимга ҳам умуман ёқмай кетаман. Хаттоки акам, дадамлани олдиларида хотиржам овқатлана олмайман. Улар мани сокишмайди. Ҳаяжонланаманми.... Билмайман.Ҳозир чевархонада янги шогиртман.кимдир мандан бирон нарса сораса ҳаяжонланиб, дудуланиб кетаман. Улар бн овқатланишни гапирмасам ҳам болади...хаттоки чевархонада қолимни қизиб ётган дазмолда куйдириб олдим. Ёмон ачишди. Оша ҳолатниям ҳич кимга айтолмадим.
Очиқчасига айтсам озимни эркин қояолмайман. Хаттоки оиламдагилар олдида ҳам. Ман бн гаплашишмоқчи болишса ҳам гаплашолмайман. Худди кимдирдан тилим қисиқдай. Яширадиган нарсам ёқ. Телимни ҳам доимий овози очиқ туради. Агар аям бн босам телимни самалётга қойиб қояман.
Кимдир мандан маслаҳат сораса, жавоб беролмайман. Фикрим болса ҳам. Ёшим 17да келаётган йилга 18.Нима қилай нима Маслаҳат берасиз.
Руҳшунос:
Ваалайкум ассалом. Бундай муаммолар ҳозирги интернет ривожланган, қизларимиз жуда эркин бўлиб кетган, баъзи жойларда ҳатто беҳаё бўлиб турадиган вақтда сиз каби уятчанликдан қийналаётган қизлар ҳам кўп учраб турибди. Бундай ҳолатда инсондаги барча қўрқувлар ва ўзига ишонмаслик муҳаббат орқали енгиб ўтилади. Ўзига бўлган муҳаббат назарда тутиляпти албатта. (Эгоистларча бўлган муҳаббат билан чалкаштириш керак эмас). Уятчан ва ҳаё-иболик бўлиш аслида бу камчилик эмас, балки фазилатдир. Бу фазилатни инсондаги бўлиши муқаррар бўлган баъзи комплекслар қаторига қўшиш ҳам нотўғри. Бу фазилат аслида сизнинг ижобий феълингиз эканлигини англашингиз билан онгингизда хотиржамлик ҳисси пайдо бўлади. Хотиржам бўлганингизда эса кўпгина қирраларингизни ўзингиз билмаган ҳолда намоён эта бошлайсиз. Бунинг учун бир қанча қадамларни босиб ўтиш керак бўлади. 1. Табассумлилик бўлиш. Ўзингизга ойна қаршисига туриб олиб табассум қилинг. Иложи борича шу табассумни ушлаб туришга ҳаракат қилиб, кўча-куйдаги таниш аёллар, қўни-қўшниларингиз орасидаги аёллар билан салом-алик қилганингизда қўллашга ҳаракат қилинг. 2. Кўпроқ аёллар билан муомалада бўлинг. Асосан уятчанлик бегоналар билан муомала қилишда тажрибасизлик қилганларда кузатилади. Кўчага чиққанингизда уйдан йироқроқда, сизни танимаган кимсалардан “фалон магазин қаерда”, “фалон кўча қаерда” деб мурожаат қилишни психологлар тавсия этадилар. 3. Гаплашиш. Инсониятда азалдан қон-қонига сингиб кетган бир одат бор. Бирга тановул қилинганда онг ости ўзини эркин қўйиб, одам бемалол гапларга берилиб кетади. Ана шу вақтда уларнинг гапирган гапларига қулоқ солинг. Кимга қайси мавзуда гаплашиш қизиқарли эканлигига, кимнинг нечта фарзанди бор, қайси китобни ўқишни яхши кўради, нечта тилни билади ва ҳаказоларга эътибор қилиб туринг. Кейинчалик уларнинг ҳар бирлари билан алоҳида қолганингизда ана ўша мавзуларда савол беришингиз мумкин. Аслида қаршингизда турган бегона аёл бўлсин, оилангиз аъзолари бўлсин савол беришингиз орқали ҳам мулоқот ўрнатишингиз мумкин. 4. Дунёқарашингизни ўзгартиринг. Биров билан ўзингизни эркин қўя олмас экансиз, демак сиз эркин бўлсангиз оқибати нималарга олиб келиши мумкин, сиз нималардан чўчийсиз ана шу саволларни ўзингизга бериб, тасаввурингизга келтириб кўринг. Ҳаёлингизга келган салбий нарсаларнинг оқимини ўзгартиришга ҳаракат қилиб кўринг.
Ҳали жуда ёшсиз. Келин бўлгунингизгача вақтингиз бор экан, бундан унумли фойдаланиб олинг. Келин бўлиб тушган жойингизда эркинликни ҳам, ҳаё-иболикни ҳам чегараси бор эканлигини ҳис қилиб, янги оилангиздаги инсонлар билан чиройли муомала қила оласиз деган умиддаман. Валлоҳу аълам.