Шукроналик

01:37 / 25.12.2019 | Habibiy Islamova | 840
Ассалому алайкум! 27 ёшдаман. Алҳамдулиллаҳ 5 вақт намозни ўқиётганимга 2 йил бўлади. Ёшлигимдан ота-онам Аллоҳ борлиги ва бирлиги ҳақида оз бўлсада тарбия, тушунча беришган. Шунданми қалбимда Аллоҳга доим ишонч, гуноҳ қилишда Аллоҳдан қўрқиш бор. Доимо у кўриб турибди, деган ўй билан юраман. Етарли даражада Аллоҳнинг буйруқларини бажара олмаяпман. Аммо меҳрибон ва раҳмли Зот менга жудаям меҳрибон. Бунга ҳаётимдан жуда кўплаб мисол келтиришим мумкин. Мусулмон бўлиб туғилганим, яхши инсонларга фарзанд бўлганим, яхши инсонга турмушга чиққаним, ҳаётим жуда тинчлиги, менга ҳеч қандай синовсиз соғлом икки нафар фарзанд бергани ва ҳоказолар. Бу рўйхатни узоқ давом эттиришим мумкин, алҳамдулиллаҳ. Лекин баъзида ўзимни шунча яхшиликларга муносиб эмасман деб ўйланиб қоламан. Виждоним қийналади. Менга тўғри йўл кўрсатинг. Шунча неъматлар ичида бўлсам ҳам ибодатга дангасаман. Иймонимни мустаҳкам қилиш учун, шайтон йўлдан урмоқчи бўлганда ҳам қатъий туришим учун менга маслаҳат беринг.
Одинахон Муҳаммад Юсуф:
Ва алайкум ассалом. Неъматларни эътироф қилаётганингиз катта гап. Аллоҳнинг неъматларига шукр қилиш уч нарса билан комил бўлади: Неъматларни қалбан эътироф қилиш, тил билан ҳамдни изҳор қилиш ва амал қилиш. Сизда биринчи ва иккинчиси бор, аммо амал йўқ. Шунга шукрингиз қосир бўлади. Аллоҳга тавба қилинг, истиғфорни кўпайтиринг. Ўзидан ибодатлар учун мадад сўранг. Валлоҳу аълам.