Ассалому алайкум. 7 ёшли қизчамнинг баданида бошқа тенгдошларига нисбатан туклар жуда кўп. Оёқларида ҳам туклар кўп. Кимдир туғилганида баданига тупроқ суриш керак эди, дейди. Тўғриси, биз тупроқ суртмаганмиз. Кимдир гармонлардан, дейди. Яна кимдир у дейди, бу дейди. Қай бир йўл тўғри эканини билмай қолдим. Менга маслаҳат беринг.
Ва алайкум ассалом. Бу ҳолат норма ёки патология эканлигини аниқ билиш учун бир неча омилларни: инсоннинг ирқи, миллати, ёши, жинси, қандайдир дори моддаларини истеъмол қилган-қилмаганлиги, оиладаги бошқа аъзоларда ҳам шундай тукланиш мавжуд ёки мавжуд эмаслигини, яъни, ирсиятни билиш лозим бўлади.
Сизнинг ҳолатингизда, агар оила шажарангизда шу ҳолат мавжуд бўлса, бирламчи Гирсутизм, генетик равишда у болада намоён бўлиши ва бу меъёрий ҳолат бўлиши мумкин. Чунки визуал кўрик ва анамнезсиз аниқ ташхис қўйилмайди. Агар оила аьзоларида, аждодларингизда бу каби ҳолат кузатилмаган бўлса, иккиламчи Гирсутизмни истисно қилиш керак.
Гирсутизм бу аёллар ва болалар танасида эркак типидаги терминал тукларнинг ортиқча ўсиши билан характерланадиган ҳолатдир. Гирсутизм термини эркак кишиларга нисбатан қўлланилмайди, уларда бу ҳолат “гипертрихоз” деб номланади. Гирсутизм, аввал айтиб ўтганимдек, конституционал ‒ бирламчи бўлиши ёки иккиламчи (бошқа касалликлар оқибатида пайдо бўлади) турларга бўлинади. Гирсутизмнинг асосий сабаби организмда нейрогуморал омилларнинг таъсирида эркакларга хос андроген гормонларнинг ишлаб чиқарилишини ортишидир ёки тўқималарнинг андрогенларга сезувчанлигининг ортишидир. Қуйидаги эндокрин касаллик ёки ҳолатлар Гирсутизмга олиб келиши мумкин: адреногенитал синдром, тухумдон ва буйрак усти бези ҳосилалари, акромегалия, Иценго-Кушинг касаллиги, айрим бош мия касалликлари (энцефалит, тарқоқ склероз, мия ўсмалари, эпилепсия) ва ҳоказо.
Хулоса қилиб айтганда, қизингиздаги бу ҳолат норма ёки патология эканлигини билиш учун эндокринолог, невропатолог кўриги ва маслаҳати зарур.