Кўк чой ва асалнинг қандай фойдалари бор?

00:44 / 07.01.2020 | Shayadgarova | 1280

Ассалому алайкум. Аллоҳ таоло илмингизни зиёда қилсин. Вақтингизга барака берсин. Менга маслаҳатингиз керак эди. Биз иссиқ шакар чой ичишни яхши кўрамиз. Чойни ўзини ичолмаймиз, қайнатилган ёки минерал сувлар ичиб юришга ҳам ҳеч одатлана олмадик. 3 ёшли қизим ҳам шундай, чанқаганда ширин чой сўраб келади, қайнатилган сув ичмайди.

Қора чой ва шакарнинг зарарли томонларини эшитгач, ичмай қўйдик. Ўрнига кўк чой  ичамиз.  Шакарни ўрнига кўк чойга асал қўшиб ичсак бўладими? Ёки уларни ҳам доимий равишда ичиб бўлмайдими? Қизимга чой ўрнига табиий апелсин шарбатини берсам бўладими? Уни қандай тартибда берсам бўлади?

Жавобларингиз учун олдиндан ташаккур.

Шифокор:

Ва алайкум ассалом. Дуоларингиз учун раҳмат. Оилавий кўк чой ичишингизни маъқуллайман. Кўк чой таркибида рак ҳужайраларини ривожланишига тўсқинлик қилувчи антиоксидант моддалар бор.  У холестеринни меъёрда ушлаб туради.

Асал ҳам шифобахш неъмат. Асал қадим замонлардан инсон танаси учун энг фойдали маҳсулотлардан бири ҳисобланган. Таркибида зарурий ферментларнинг юқори миқдори шаклланган табиий асал қаришни секинлаштиради. Унинг шифобахш хусусиятлари энг зўр таом сифатида қадрланишига сабаб бўлган. Ҳозирда аждодларимиз риоя қилган табиий овқатланиш қоидаларини тиклашга уринмоқдамиз. Ҳар куни табиий асал истеъмол қилишни кундалик ҳаётингизга жорий қилсангиз, кўплаб ижобий натижаларга эришасиз. Терингиз тозаланади. Асал табиий антиоксидант ҳисоблангани боис, тананинг ортиқча токсинлардан холи бўлишига ёрдам беради. У ўзининг антибактериал хусусиятларига кўра, терингизни тиниқлаштиради.

Вазн ташлашни истаганлар ҳам асал ейиши керак. Асалдаги шакар, биз истеъмол қилувчи оқ шакар ёки қанддан фарқ қилади. Шундай экан, шоколад ёки ширин газли ичимликлар ўрнига асал ейишга ўрганинг. Натижасини тезда пайқайсиз. Қон таркибидаги шакар миқдорини камайтиради. Асал ҳақиқатан ҳам катта миқдорда шакарга эга. Аммо фруктоза ва глюкозанинг ажойиб мутаносиблиги сабабли, инсон танаси қондаги шакар миқдорини мустақил равишда бошқара олади. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Бунга қўшимча равишда, танадаги холестерин миқдори камаяди. Асалдаги флавоноидлар (инсон танасига таом таркибида тушиб, кўплаб ферментлар фаоллигига ижобий таъсир кўрсатади) ва антиоксидантлар юрак-қон-томир касалликларининг олдини олишга ёрдам беради.

 Тадқиқотларнинг кўрсатишича, асал холестериннинг оксидланиш жараёнини секинлаштиради,  инсультга учраш эҳтимолини камайтиради. Асални илиқ сувга аралаштириб истеъмол қилиш овқат ҳазм қилиш тизимидаги токсинлар ва зарарли чиқиндиларни ювишнинг энг самарали усулидир. Бу эса уй шароитида танани тозалашнинг энг арзон ва оддий йўлидир.

Асал инсон иммун тизимига ажойиб таъсир кўрсатиши билан ҳам ўзига хосдир. Асосийси, бунда сиз соф, органик (табиий), витамин ва минераллар, ферментларга бой асални истеъмол қилишингиз зарур.
3 ёшли қизингизга юз фоизли апельсин шарбатини доимий беришингиз тўғри эмас. Сабаби, шарбат бу ҳар кун ичилиши шарт бўлган ичимлик эмас. У десерт ҳам эмас.  У даволаш ва профилактик мақсадда қўлланилувчи суюқлик, уни беришни ҳам кўрсатмалари мавжуд. У шифокор кўрсатмаси билан берилиши лозим. Албатта юз фоизли табиий шарбат бутилка ёки махсус картон қутилардаги сунъий шарбатлардан устун. Аммо боланинг айрим ҳолатларда у касалликларни зўрайишига сабаб бўлади.

Шу сабабли шарбатни тўғри ва эҳтиёткорона тарзда бериш зарур:
- 3 ёшдан 10 ёшгача бўлган болаларга янги тайёрланган шарбатлар кунига фақат 2 маҳал, овқатдан камида 30 минут аввал берилиши керак.  Бир марта ичишлик миқдори 30 мл.дан ошмаган бўлиши керак. Шуни билиш керакки, кўп дегани, яхши дегани эмас!
Бу дозани ошириш ошқозон-ичак трактида бузилишлар ва тиш кариесини чақириши мумкин. Имкон борича шарбат 1:1 нисбатда қайнатилган сув билан аралаштирилиб берилгани маъқул.
- Янги тайёрланган шарбат ошқозон-ичак трактида касалликлари бор (гастрит, энтерит) ёки аллергия касаллиги бор болаларда касалликни хуружига олиб келиши мумкин, шу сабабли уни фақат педиатр тавсиясига кўра бериш лозим.
- Шунингдек, шамоллаган болаларга ҳам янги тайёрланган шарбат бериб бўлмайди, сабаби у шиллиқ ишлаб чиқарилишини рағбатлантиради, йўтал ва тумовни кучайтиради.
- Янги тайёрланган шарбатни музлатгичда узоқ сақлаб бўлмайди, у тайёрлангандан сўнг 10-15 минут ичида истеъмол қилиниши шарт. Акс ҳолда у оксидланиш жараёнига учрайди ва таркибидаги фойдали витаминлар парчалана бошлайди.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда асалли чой ва шарбатлар истеъмол қилинса, манфаатли бўлади, иншааллоҳ.