Ассалому алайкум. Жияним ҳозирда 11-синф ўқувчиси. Баъзида ўзини ёш боладек тутади, тутриқсиз гаплар гапиради, беъмани ҳазиллар қилади. Лекин бу қилиқларини фақат жуда яқин дугоналари ёки яқин қариндошлари олдида қилади. Жиззаки ва ҳаддан ташқари асабий. 2 та укаси билан келиша олмайди, уйда кўп уруш- жанжаллар чиқариб юради. Болалигидан асабий эди, лекин онасига ҳеч қачон гап қайтармасди, мана шу 2-3 йил ичида умуман ўзгарди. Онаси билан арзимаган нарсага жанжалашади. Бемалол гап қайтариб ҳаттоки, сўкиниб гапиради, қўл кўтаришгача борган, онасини ҳар хил туҳматлар билан айблайди. Уйидаги ҳолат эса яқин кунларгача ёмон эди, чунки, отаси жуда қаттиққўл, ароқ ичиб, маишатга берилган эди. У қўшимча курсларга бориб ўқишга киришни хоҳлайди. Аммо отаси бунга қарши, ўқитишни истамайди. Ўзи яширинча курсга боради,отаси телефон тутишга рухсат бермагани учун онасининг пулини олиб ўзига телефон сотиб олган экан. Лекин бундан онасининг хабари йўқ. Онаси уни психологга олиб бормоқчи, лекин отаси умуман рухсат бермайди. Жияним отаси ва онасини ёмон кўриши ҳақида кўп гапиради. Унинг бу бетарбиялигини бобоси ва отаси билиб қолишидан онаси қўрқади ва улардан беркитади. Уни қандай яхши томонга ўзгартиришни била олмаяпмиз. Илтимос маслаҳат беринг! Аллоҳ хайрли ишларигизда бардавом қилсин.
Руҳшунос:
Ва алайкум ассалом. Аввало бу ёшдаги қиз ва ўғилларнинг организмидаги гормонал ўзгаришларини ҳисобга олиб бироз эркинлик бериш, уларни тушунишга ҳаракат қилиш, атрофидаги мулоқот қиладиган инсонларнинг онгли, савияли ва ўқимишли инсонлар бўлишини таъминлаш керак. Бу ёшдаги болалар савияси, онги, тажрибаси етарли бўлмасада, аммо катталар каби организми етук бўлган бўлади. Мисол учун ўспирин ёшлар бу ёшда турмуш қурсалар, бемалол фарзандли бўла оладилар. Уларга беписандлик қилиш, гапларига қулоқ солмаслик, хоҳишларига эътибор бермаслик ўспирин ёшдагиларни баттар бебош, қўпол, тарбиясиз ва одобсиз бўлишига олиб келади. Устига устак бу оилада катталарнинг ўзи беодоб ишларни қилиб турса, бу оловга бензин сепгандек ҳолдир. Мисол учун ота ибрат бўлиш ўрнига ароқ ичиб, маишат қилиб юраверса бу ишини нотўғри эканини болалари ич-ичидан кичиклигидан билиб турибдиларку. Табиий, “ қуш уясида кўрганини қилади”. Мазкур ҳолатда оилада қаттиққўллик қилиш кетмайди. Бу оилада тарбия бутунлай нотўғри амалга оширилган. Болалар отани шахсан ўзига, аҳли аёлига қилган қўполликларини кўриб катта бўлган. Шунинг учун онага ҳам қўполлик қиладилар. Бунинг учун ҳамма шарт-шароит яратилиб қўйилган. Китобхон оилаларда китоб ўқишга қизиқувчан болалар етишиб чиқадилар. Ҳаттотликни касб қилган ота-оналарнинг болалари ота-онаси каби ижодкор бўладилар. Ўқимишли хонадонда ўқимишли болалар етишиб чиқадилар. Ким оиласида қайси ишни қилса, болалар шу инсоннинг гапидан, қаттиққўллигидан тарбияни олмайдилар, аксинча қилган амаллари орқали тарбияланадилар. Шунинг учун бу қизнинг онаси ўзини қўлга олиб, ўз устида катта ишларни олиб бориши, ўзини-ўзи бошқаришни ўрганиши, шахс сифатида такомиллашиши ва ривожланиши керак. Агар психологик нуқтаи назаридан гапирадиган бўлсак, аксарият вазиятларда ўзини қадрламайдиган, бу ҳаётда ўз ўрнини ҳали тополмаган оналарга болалари ҳурматсизлик қиладилар. Бу қизни психологга олиб бориш керак эмас. Аввал она психолог билан суҳбатлашиб олиши керак. Она ўзгарсагина, шунда қизнинг онасига ва бошқаларга бўлган муомаласи ўзгариши мумкин. Валлоҳу аълам.