Кeчаси ухлаш одоби

22:15 / 28.03.2017 | Савол | 1558
Ассалому алайкум! Мeн кeчаси ухлаганимда қорин қисмим билан ётсам хўжайиним “бундай ётиб бўлмайди” дeб айтдилар. Лeкин бу нима учун? Аллоҳ қилаётган ишларингиздан рози бўлсин. Олдиндан раҳмат
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом!
Ибн Тихфа ал-Ғифорийдан ривоят қилинади:
«Унга отаси хабар беришича, у суффа асҳобларидан бўлган ва қуйидагиларни айтган:
«Кеча охирида масжидда ухлаб ётган эдим, биров олдимга келди. Мен юзтубан ётган эдим. У мени оёғи билан туртиб:
«Тур, бу Аллоҳнинг ғазабини келтирадиган ётиш», – деди.
Бошимни кўтариб қарасам, тепамда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам турган эканлар».
Шарҳ: Асҳоби суффа – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларидаги суффада бир муддат яшаган, ўша ерда ибодат, зикр ва илм билан машғул бўлган камбағал, бева-бечора саҳобалар бўлиб, уларнинг қариндош-уруғи ҳам, уйи ҳам йўқ эди.
Баъзилар: «тасаввуф» сўзи ана шу суффадан олинган, чунки булар тақводор, зоҳид бўлишган, оила, бола-чақа, уй-жойи йўқ, доимий ибодатда бўлишган, деган тахминларни ҳам айтишади.
Ҳадисдан маълум бўладики, юзтубан ётиш мўмин-мусулмонлик одобига зид экан. Бундай ётишнинг уйқуга ҳам, саломатликка ҳам зарари борлиги маълум. Аллоҳ таоло хуш кўрмайдиган бундай ётишдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам қайтарган эканлар.

Абу Умомадан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда юзтубан ухлаб ётган бир кишининг олдидан ўтаётиб, уни оёқлари билан туртиб:
«Тур, бу – жаҳаннамий ётиш», – дедилар».
Шарҳ: Бу ҳадис аввалги ҳадиснинг маъносини такрорлаб келган. Бу тарзда ётиш шариатимизда дуруст эмас экан, бунга ўрганиб, одат қилиб қолганлар уни дарҳол тарк қилишлари лозим ва лобуддир. Валлоҳу аълам!.