Ассалому алайкум! Устоз, мен ҳомиладорман, фикҳий илмлар ҳам олганман лекин аниқ жавоб тополмаганим учун сизга мурожаат қиляпман. Ҳомиладорликда кунига 15-20 марта таҳорат олишимга тўғри келяпти. Намозни ўқиб бўлганимда ички кийимим намланган бўлади. Виделенияга ўхшамайди, рангсиз ҳидсиз. Дарсда виделения таҳоратни бузади деб ўқиганман. Соҳиби узрга ҳам кирмайман чунки намоз кирганидан чиққунича қайсидир олган таҳоратим 20-25 минут туради фарзни адо қилишга етади. Фақта кўп таҳорат олишлик мени чарчатиб қўймоқда нима қилсам бўлади?
– Ва алайкум ассалом! Аёллар томонидан кўп сўраладиган саволлардан бири ўзларидан келадиган ажралма ҳақидадир. Бу фуқаҳолар назидида «фарж рутубати» деб аталади. У покми ёки нажасми? У таҳоратни кетказадими, йўқми?
Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи наздиларида бу ажралмалар покдир. «Ал жавҳаротун-наййира»да: «Фарж рутубати Абу Ҳанифанинг наздида бошқа бадан рутубатлари каби покдир», дейилган (1:38). Қолаверса, у теккан либос нажас бўлмайди. Чунки у бадандан ажраладиган тер ва бошқа шу каби рутубатларидан бўлиб, либосни нажас қилмайди.
«Роддул муҳтор»да: «Фарж рутубати покдир», дейилган (1:3489).Ажралма шаффоф, тиниқ бўлса, ҳар хил ранглардан холи бўлса, пок ҳисобланади. Бошқа нарса аралашиб, ранги ўзгарса, нажас бўлишига иттифоқ қилинган. Муҳаққиқларнинг ҳотами Ибн Обидийн ўзининг «Дурррул-мухтор»га ёзган «Ҳошия»сида шундай деган: «Агар фарж рутубати билан бирга қон бўлмаса, мазий аралашмаган, эркак ёки аёлнинг манийси аралашмаган бўлса, пок бўлади».
Энди таҳоратни кетказишига келсак, имом Абу Ҳанифанинг наздида ҳеч нарса аралашмаган бўлса, пок ҳисобланади, демак, у зотнинг наздида таҳоратни кетказмайди. Бу ҳақда «Зиёул-маънавий шарҳу Муқаддиматил-Ғазнавий»да: «Агар аёл фаржига йўқ бўлиб кетгунича пахта қўйган бўлса, кейин уни олганида пахта ҳўл бўлса» деб, ҳўл бўлиши шарт қилинган, чунки ҳўл бўлиб чиқмаса, таҳорати бузилган бўлмайди» (1:112).
Мана шу баъзиларнинг айтган тафсилотидир.
Аллома Мустафо Зарқо раҳимаҳуллоҳ шунга кўра фатво берган бўлиб, булар фатволарининг 95-саҳифасида келган. У киши айтади: «Бу мавзу ҳақида кўп сўралдим. Эркак ва аёл сўровчиларга: «Оддий ҳолатларда аёл кишидан чиқадиган бу ёпишқоқ суюқлик шаръан покдир, нажас ҳисобланмайди ва фақиҳлар қарор қилганларидек, у аёлнинг таҳоратини бузмайди», деб оғзаки тушунтирар эдим. Сўровчилар ичида бу жавобга ҳайрон бўладиганлари ҳам бор. Чунки улар бунинг аксини тасаввур қиладилар. Улар мендан таъкидлаб сўрашади, мен ҳам уларга таъкидлаб айтаманки, бу масалада барча нарса осонлаштириш, кенглик яратиш ва танглик ҳамда машаққатни даф қилишдир».
Ўтган солиҳларнинг хулосаси шуки, имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг наздида ажралмалар пок бўлиб, агар соф бўлса, фатводаги суянилган қавлга кўра, таҳоратни бузмайди.
Бошқа фақиҳлар ҳам шундай дейишган. «Мавсуъатул-фиқҳийя»да (32:85) шундай дейилган: «Жумҳур фуқаҳолар фаржнинг ичидан чиққан рутубатни нажас дейишган, чунки у ички рутубатдир. Аммо ташқи рутубат фаржнинг зоҳири ҳисобланади, у ер ғусл ва истинжода ювиш вожиб бўлган жой бўлиб, покдир. Абу Ҳанифа ва ҳанбалий мазҳаби уламолари эса фаржнинг рутубатини мутлақо пок дейишган».
"Анваарул уламаа" номидаги ҳанафийлар маркази фатвоси.
Валлоҳу аълам!