Ассалому алайкум! Мен "мабрур.уз"дан қуйидагини ўқиб қолдим. САЖДА .... “Ўша куни таҳоратга чиқиб кетган шеригимиз, ҳа деганда келавермади. Ярим соат ўтди, бир соат, бир ярим, ҳануз ундан дарак йўқ эди. Ҳар хил хаёлга бордик, наҳот адашган бўлса! Бўлиши мумкин эмас, деб мен шеригимни излаб чиқдим, таҳоратхонага бордим, у ерда йўқ, ерга чўзилиб ётган кишилар ёнига келиб қидирдим, у ерда ҳам йўқ. Охири пана жойда намоз ўқиётганини кўриб қолдим, саждада экан. Ёнига бориб мен ҳам икки ракат намоз ўқидим. Намозни тугатиб у билан гаплашаман десам, у ҳамон саждада экан. Беш дақиқа, ўн дақиқа, йигирма дақиқа кутдим. У саждадан бошини кўтармас эди. Ниҳоят қирқ беш дақиқача ўтгач, саждадан бошини кўтарди. Биз Риёдга қайтдик, Франциядан мутахассис доктор чақирилган. Операциядан олдин доктор рентген натижаси ва қон анализи билан танишди. Унга икки хил рентген натижаси ва икки хил анализ натижалари берилди. Бири шанба кунги натижалар, иккинчиси аввалги натижалар. – “Бу нима? Мана буниси бошқа одамни анализи бўлса керак”, деди. Ҳамширалар ҳар иккала рентген ва анализ шу беморники эканини тасдиқлашди. Доктор ҳайратланиб “бўлиши мумкин эмас” дерди. Барчага ишга қодир Зот беморга шифо неъматини ато этган эди" Ушбу ривоятни қисқароқ илиш учун бошланишини ёзмадим. Мен, саждани узоқ вақт қилиш банда учун фойдали эканлигини тушундим. Сиздан илтимосим, узоқ вақт сажда қилиш вақти қайси сура ёки дуолар айтиб туриш керак, шуни билолмадим. Жавобингиз учун олдиндан катта раҳмат. Оллоҳ илмингизни зиёда қилсин ва Ўзи сизларни мукофотласин.
– Ва алайкум ассалом! Саждада ўқиладиган сура ёки махсус дуолар ворид бўлмаган. Фақат нафл намозлар саждасида дуо қилинади, фарз ва вожиб намозлар саждасида “Субҳана Роббиялаълаа”, дейиш билан кифояланади. Дуони банда чин кўнгилдан қилаверади. Дуодаги эътиборли нарса унинг лафзлари, қофиялари эмас, банданинг қалбий ҳолатидир. Валлоҳу аълам!