Намоздаги роҳатни топиш

11:13 / 09.02.2020 | Kamola namangandan | 825
Ассалому алайкум! Ибодатдаги роҳатимни тополмаяпман. Қалб ҳотиржамлигим ҳам йўқ. Намозни қандай тарзда тезлик билан ўқиб бўлганимни билмай қоляпман ва шундай ҳолларда қалбимда ғашлик пайдо бўляпти. Ибодатимни тўла-тўкис адо қилолмаяпман деб қийналяпман. Қандай йўл кўрсатасиз?
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом!

НАМОЗГА ОИД АМАЛЛАРДА ҚАЛБ ҲОЗИРЛИГИ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, умматим қиёмат куни таҳоратнинг асаридан пешоналари оппоқ ва оёқ-қўлларидан нур таралиб турган ҳолларида чақирилурлар. Бас, сиздан ким ўз пешонасидаги қашқасини узайтиришга қодир бўлса, шуни қилсин», дедилар». Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Вақтики, мусулмон ёки мўмин банда таҳорат қилса, бас, у юзини ювганда ўша сув ёки ўша сувнинг охирги қатраси ила унинг икки кўзининг назари орқали қилган хатолари юзидан тўкилади. Вақтики, икки қўлини ювса, ўша сув ёки ўша сувнинг охирги қатраси ила унинг икки қўли билан қилган хатолари тўкилади. Вақтики, икки оёғини ювса, ўша сув ёки ўша сувнинг охирги қатраси ила икки оёғи билан юриб қилган хатолари тўкилади. Шундоқ қилиб, у гуноҳлардан пок бўлиб чиқади».Муслим ва Термизий ривоят қилишган.Таҳорат Аллоҳ таолонинг мусулмон бандаларига кўрсатган улкан марҳамати. Мусулмон банда таҳорат қилаётганда яхши ният билан Аллоҳ таолодан астойдил тилаб, ушбу ҳадиси шарифни эслаган ҳолда ҳар аъзосини ювганда: «Илоҳо, ушбу аъзолардан содир бўлган гуноҳларим тўкилган бўлсин», деб сўраса, иншааллоҳ, мақсади ҳосил бўлади. Чунки таҳорат қилиш ҳам аввал айтиб ўтилганидек катта ибодатдир.Шунинг учун ҳам таҳорат қилаётганда бошқалар билан гаплашиш, шоша-пиша, чала-чулпа таҳорат қилишлик каби ҳолатларга йўл қўймаслик керак. Таҳорат банда учун Аллоҳ томонидан кичик гуноҳларини ювиб олиш учун берилган қулай фурсатдир.Азонни эшитган одам қиёмат чақириғини хаёлига келтирсин. Ўшанда нима деб жавоб беришини ўйласин. Маҳшарга қай ҳолатда ҳозир бўлишини кўз олдига келтирсин.Намоз учун авратини тўсганда бу билан халқдан баданининг уят жойларини тўсаётганини билсин ва Ҳақдан ички шармандаликларини ва нуқсонларини қандай тўсишини ўйласин. Уларни фақат тавба – надомат, ҳаё ва уят ҳамда хавфу умидворлик тўсиши мумкинлигини унутмасин.Қиблага юзланганида турли тарафларни қўйиб, юзини фақат Байтуллоҳга ўгирганини билсин ва қалбини ҳам барча нарсалардан узиб, ёлғиз Аллоҳнинг Ўзига боғласин.Намозхон «Аллоҳу Акбар!» деб такбир айтганда тилини дили тасдиқласин. Ўша сўзни айтганда дилида Аллоҳдан улкан нарса қолмасин. Агар ундай бўлмаса, дили тилини тасдиқламаган бўлади.Шунингдек, тили билан «Аъузу биллаҳи»ни айтиб, Аллоҳдан паноҳ тилаганида, дили билан ҳам Аллоҳдан паноҳ сўрамаса, гапи ёлғон бўлади.Намозхон қироатининг маъносини тушуниб бориши жуда ҳам фойдалидир. Айниқса, «Фотиҳа»ни ўқиганда...Имом Насаий машҳур саҳобий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси қудсийни доимо эсида тутсин:«Аллоҳ таоло айтади: «Намозни Ўзим билан бандам орасида иккига бўлганман, ярми Менга, ярми бандамга ва бандамга сўраган нарсаси. Агар банда: «Алҳамду лиллаҳи роббил аъламин» деса, Аллоҳ: «Бандам менга ҳамд-шукр айтди», дейди.Банда: «ар-Роҳманир Роҳийм», деса, Аллоҳ: «Бандам менга сано–мақтов айтди», дейди.Банда: «Малики явмиддин», деса, Аллоҳ: «Бандам мени улуғлади», дейди.Банда: «Ийяка наъбуду ва ийяка настаъийн», деса, Аллоҳ: «Бу мен билан бандам орасидаги нарса, бандам нимани сўраса, бераман», дейди.Агар банда: «Иҳдинас-сиротал мустақийм, сироталлазийна анъамта алайҳим ғойрил мағзуби алайҳим ва лаззоолийн», деса, Аллоҳ: «Бу бандамга хос, сўраганини бердим», дейди».Салафи солиҳлардан намозда қироат маъносини ҳис этиб ҳушидан кетиб ёки ҳаётни тарк этиб йиқилганлар бўлган.Намозхон рукуъда тавозуъни, саждада хору зорликни ҳис этиб туриши зарур. Шунингдек, намоздаги тасбиҳ, такбир ва барча дуоларни ҳам чин қалбдан, бутун вужуд ила ҳис этиб ўқиш, уқиш ва яшашга ҳаракат қилмоқ лозим.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва салафи солиҳларимиз намозда қалбнинг ҳозир бўлмаслигини айб санаганлар.عَنْ عَمَّارِ بْنِ يَاسِرٍ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ  يَقُولُ: «إنَّ الرَّجُلَ لَيَنْصَرِفُ وَمَا كُتِبَ لَهُ إلاَّ عُشْرُ صَلاَتِهِ تُسْعُها ثُمْنُهَا سُبْعُهَا سُدُسُهَا خُمُسُهَا رُبُعُهَا ثُلُثُهَا نِصْفُهَا». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ.Аммор ибн Ясир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, бир одам (намозидан) турганда, унга унинг ўндан бири, тўққиздан бири, саккиздан бири, еттидан бири, олтидан бири, бешдан бири, тўртдан бири, учдан бири ёки яримигина ёзилган бўлади», дедилар». Абу Довуд ривоят қилган. Ушбу ҳадиси шарифдан намоз билан намознинг фарқи борлиги, ҳатто қабул бўлган намозлар орасида ҳам фарқ бўлиши кўриниб турибди. Ҳамма ҳам намоз ўқийверади, аммо ўша намозга Аллоҳ таоло томонидан бериладиган ажр намозхоннинг ихлоси ва хушуъ-хузуъига қараб берилар экан. Хушуъ-хузуъни, ихлосни жойига қўйган одам намоз учун белгиланган савобнинг ҳаммасини олар экан. Хушуъ-хузуъ ва ихлос камайган сари бериладиган савоб ҳам камайиб ярим, учдан бир, тўртдан бир, ўндан бир бўлиб камайиб кетаверади.Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу: «Ким намозда туриб қасд ила ўнгида ва чапида ким турганини билса, намози намоз эмас», деган.Абдул Воҳид ибн Зайд раҳматуллоҳи алайҳ шундай дейди: «Уламолар банда намозидан қанчасини эсида сақласа, шунчаси уники бўлишига ижмоъ қилишган».Баъзи мухлис кишилардан қуйидагилар ривоят қилинади: «Бир киши ўғлига: «Масжиддан шом намозини ўқиган намозхонларни бошлаб келгин, уларга эҳсонимиз бор» дебти. Ўғил намоздан кейин масжид дарвозасида чиқаётганлардан имом «Фотиҳа»дан кейин қайси сурани ўқиганини сўраб, тўғри айтганларни бошлаб келибди. Отаси меҳмонлар озлигининг сабабини сўраса, «Ўзингиз шом намозини ўқиганларни бошлаб кел», деган эдингиз, менимча фақат шулар ўқишди», деб жавоб берибди.Албатта, бу ўлчовлар тақво юзасидан бўлган ўлчовлардир. Аммо фатво юзасидан бошлаш такбирини айтганда қалби ҳозир бўлиб, намоз ўқиган кишининг фарзи адо бўлади.Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, қалб ҳозирлиги намознинг руҳидир. Буни ҳеч қачон унутмаслик лозим.

 Валлоҳу аълам!