Адашиш

03:09 / 23.02.2020 | Komron Takhirov | 594
Ассалому алайкум! Агар намоз ўқиётиб ракъатларда адашиб кетсам, яъни қайси ракъатдалигимни билмай қолсам, хаёлим чалгиб кетса нима қилиш керак?
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

Намозда неча ракъат ўқиганини билмай шак қилиб қолди. Учми, тўртми билмайди. Агар бу унинг умридаги биринчи унутиши бўлса, намозни янгитдан бошлайди. Агар шакки кўпайган бўлса, гумонининг ғолиб тарафини олади. Агар унутиши кўп бўлса, ғолиб гумонга бино қилади. Агар ғолиб гумони бўлмаса, озини олади. Абу Саъийд ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон бирингиз намозда шакка тушиб қолса, бас, қанча ўқиганини билмай қолса, уч ракъатми, тўрт ракъатми? Бас, шакни ташласин ва ўзи қаттиқ ишонган томонига бино қилиб ўқисин. Сўнгра салом беришидан олдин икки марта сажда қилсин. Агар беш ракъат қилган бўлса, ўша икки сажда унинг намозини жуфтга айлантиради. Агар тўрт ракъатни тамом қилиш учун ўқиган бўлса, у икки сажда шайтоннинг бурнини ерга ишқаган бўлади», дедилар». Муслим, Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилган.Агар ғолиб бўлмаса, озини олади. Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон бирингиз намозида унутиб қолиб бир ракъат ўқидими, икки ракъат ўқидими била олмай қолса, бир ракъат ўқидим, деб олсин. Агар икки ракъат ўқидими, уч ракъат ўқидими била олмай қолса, икки ракъат ўқидим, деб олсин. Агар уч ракъат ўқидими, тўрт ракъат ўқидими била олмай қолса, уч ракъат ўқидим, деб олсин ва салом беришидан олдин иккита саҳв саждаси қилсин», дедилар. Аҳмад ва Термизий ривоят қилган.Лекин намозининг охири деб ўйлаган жойида ўтиради.Агар ўтирмаса қаъдаи орхирни тарк қилгани учун намози ботил бўлади.Саждаи саҳв ҳақидаги барча далил ва ҳужжатларни атрофлича ўрганиб чиққан ҳанафий уламолар бу масалани намозхонларга осонлаштириш учун ҳаракат қилиб қуйидаги хулосавий ҳукмларни ўз китобларида ёзиб қолдирганлар.«Лозим бўлганда саждаи саҳв қилмоқ вожибдир. Лозим бўлганда саждаи саҳвни қилмаган намозхон гуноҳкор бўлади. Аммо намози ботил бўлмайди.Аллоҳ таоло барчамизни шукр ва сабр қилувчи бандаларидан қилсин!