– Ва алайкум ассалом!
Дастлабки маълумот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг куёвлари ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг Фотимаи Заҳро розияллоҳу анҳо олдиларига тўйдан кейин биринчи киришларидан олдин уларга қилган ишлари ва дуолари ҳақидадир.
«Тўй кечаси бўлганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам куёв бўлмиш Али ибн Абу Толибга:
«Эй Али, келинга бир тўй ҳам қилмоқ керак», – дедилар.
Шунда Саъд ибн Муъоз розияллоҳу анҳу:
«Менда бир қўчқор бор!» – деди.
Ансорийлардан бир гуруҳи бир неча соъ жўхори жамлаб келишди. Ана ўша нарсалардан тўй зиёфати уюштирилди. Зиёфатдан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Али ибн Абу Толибга:
«Менга учрамагунча бир нарса қилмай тур», – дедилар.
Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фотима розияллоҳу анҳо турган жойга бордилар-да, у кишига: «Менга сув келтир», – дедилар.
Келинликка тайёрланиб олган Фотима розияллоҳу анҳо бир идишда сув келтирдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у сувдан Фотима розияллоҳу анҳонинг кўксиларига ва бошларига сепдилар-да:
«Аллоҳим, мен Сендан бунга ва бунинг зурриётларига шайтони рожиймнинг ёмонлигидан паноҳ тилайман», – дедилар.
Сўнгра у зот яна сув келтиришни талаб қилдилар. Бу сафар Али ибн Абу Толиб бориб, ҳалиги идишда сув келтирдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига ҳам худди Фотима розияллоҳу анҳога қилган ишларни ва дуоларни қилдилар ва:
«Аллоҳим, икковларига барака бергин, икковларининг устиларидан барака нозил қилгин ва икковларининг зурриётларини баракали қилгин», – дедилар.
Сўнгра Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам икки муаввизатайнни тиловат қилдилар ва:
«Ўз аҳлинг олдига Аллоҳнинг исми ва баракаси ила киравер», – дедилар».
Ушбу иқтибосдан куёвнинг келин олдига биринчи бор киришидан олдин қавмнинг катталари қиладиган ишлар ва дуолар ҳақида маълумот олишимиз мумкин.
– Куёв келиннинг олдига биринчи бор киришида хурсандлик, очиқ чеҳра ва мулойимлик билан кириши кераклиги китобларимизда тавсия қилинган. Чунки келин ҳис-ҳаяжонда, хавфда, хижолат ва ўзгача ҳолатда туради. Куёв «бисмиллаҳ»ни айтиб, ўнг оёқ билан салом бериб киради. Сўнгра келиннинг пешонасига қўлини қўйиб туриб, қуйидаги ривоятда келган дуони ўқийди.
عَنْعَمْرِوبْنِشُعَيْبٍ،عَنْأَبِيهِ،عَنْجَدِّهِ،عَنِالنَّبِيِّقَالَإِذَاتَزَوَّجَأَحَدُكُمُامْرَأَةًأَوِاشْتَرَىخَادِمًافَلْيَقُلِاللَّهُمَّإِنِّيأَسْأَلُكَخَيْرَهَاوَخَيْرَمَاجَبَلْتَهَاعَلَيْهِ،وَأَعُوذُبِكَمِنْشَرِّهَاوَمِنْشَرِّمَاجَبَلْتَهَاعَلَيْهِرَوَاهُأََبُودَاوُدَوَالنَّسَائِيُّ
Амр ибн Шуъайбдан, у отасидан, у бобосидан ривоят қилишади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
«Қачонки бирортангиз бирор аёлга уйланса ёки ходим сотиб олса, «Аллоҳумма! Инний асъалука хойроъа ва хойра маа жабалтаҳу алайъи ва аъуузубика мин шарриъа ва мин шарри маа жабалтаҳу алайъи», – десин».
Абу Довуд ва Насаий ривоят қилганлар.
Дуонинг маъноси: «Аллоҳим! Сендан унинг яхшилигини ва Сен унга берган жибиллият – ахлоқнинг яхшисини сўрайман. Ҳамда сендан унинг шарридан ва Сен унга берган жибиллият – ахлоқнинг ёмонидан паноҳ сўрайман».
Келин-куёвга бошқалар дуо қилишлари билан бирга, уларнинг ўзлари ўзларига ва бир-бирларига дуо қилишлари ҳам жуда яхшидир. Албатта, ўшандай бахтли соатларда Аллоҳ таолодан ўзига ва умр йўлдошига бахт-саодат тилаб дуо қилмоқ муҳимдир.
Сўнгра икковлари биргаликда – куёв имом бўлиб, келин орқада иқтидо қилиб – икки ракъат намоз ўқисалар, жуда ҳам яхши бўлади. Ҳар ким ўзи ўқиса ҳам бўлаверади.
Салмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
«Қачон бирингиз бирор аёлга уйланса, қўшилиш кечасида икки ракъат намоз ўқисин, ун(келин)га ҳам ортида икки ракъат намоз ўқишини айтсин. Албатта, Аллоҳ уйда яхшиликни (пайдо) қилувчидир».
Баззор ривоят қилган.
Албатта, бу каби намозлар хайрга, баракага, яхшиликка сабаб бўлиши турган гап. Мусулмон инсон учун намоз унинг ҳаётидаги энг азиз нарсадир.
Юқорида келтирилган нарсалар куёв ва келинлар учун уларнинг биринчи кечаларида яхши ният ила ихтиёрий қилинадиган ишлар ва дуолардан иборатдир. Яхши умид ила қилса, гўзал иш бўлади. Аммо қилмаса, шаръий жиҳатдан ҳечқиси йўқ. Буларни қилмаганлар «бу ишларни қилмаган эдик, энди нима бўлади?» деган хаёлларга бормасликлари лозим.
Валлоҳу аълам!