– Ва алайкум ассалом! Кўпинча инсон ҳар нарсага қизиқиш орқали уни ўзлаштиргач шашти пасайиб кейинги қизиққан ишига киришиб кетиши билан ўзлигини топа бошлайди, суюкли касбини, севган машғулотини топади. Демак сиз ҳали ўзингиз учун севган бирон ишингизни топа олмагансиз. Бу эса ҳали ҳаммаси олдинда дегани ва албатта бу нормал ҳолатдир. Инсон шу каби ишларни қилиб ўзига ишончи ошади, бошқалар билан мулоқот қилишда киришимлироқ бўлади, ақл доираси кенгаяди, тафаккури ривожланади. Кўпинча инсон ўзини 40ёшдан ошганда ҳам топиши, ҳатто баъзида 60 га кирганда топиши мумкин. Инсон севимли машғулоти билан шуғулланар экан, гўё у учун ҳаёт энди бошлангандек бўлади, ҳатто 60 га кирган бўлса ҳам. Ва бу ҳолатнинг энг яхши томони шундаки инсон бироз ёшаради. Яъни унинг кайфияти кўтарилади, дунёга янгидан келгандек бошқача назар билан қарай бошлайди, куч-қуввати ошади. Табиийки иммунитети ҳам ошади. “Тоғни талқон қилгудек” ғайрати кўпайиб, кўзлари яшнай бошлайди. Сиз учун буларнинг ҳаммаси ҳали олдинда. Валлоҳу аълам!