Ассалому алайкум! Қуръон хатмини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бағишлаш ихтилофли деб эшитдим. Илтимос ойдинлик киритсангиз
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом! Ҳақиқатда ушбу масала ихтилофли бўлиб, у ҳақида уламолар турли фикрларни айтганлар. Қуйида баъзи иқтибосларни мисол тариқасида келтирамиз:
«Ад Дуррул мухтор»да бу мавзуда яна қуйидагиларни ўқиймиз: «Ибн Ҳажар Маккийдан «Биров қабристон аҳлига Фотҳа сурасини ўқиса, савоб уларнинг ўртасида тақсимланадими ёки ҳар бирига унинг савобича тўлиқ бериладими?» деб сўралганда, у: «Бир жамоа уламолар иккинчисига фатво берган ва Аллоҳнинг фазлига шуниси лойиқроқ», деб жавоб берган. Ибн Ҳажар ўзининг фиқҳий фатволарида айтишича, Ҳофиз Ибн Таймия Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга қироат савобини бағишлашни ман қилиб: «Чунки у зотнинг юксак қадрларига саловат айтиш, васила сўраш каби ўзлари изн берган нарсалардагина журъат қилинади», деб айтган экан. Субукий ва бошқалар у кишига қаттиқ раддия бериб: «Бунақа ишларда махсус изнга эҳтиёж йўқ. Кўрмайсанмики, Ибн Умар розияллоҳу анҳумо у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан сўнг номларидан ҳеч қандай васиятсиз умралар қилар эди. Жунайд табақасидаги Ибн Муваффақ у зот алайҳиссаломнинг номларидан етмиш марта ҳаж қилган. Ибн Сирож у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг номларидан ўн минг марта хатм ва шунча қурбонлик қилган», дейишган… Ҳанбалийлардан Ибн Ақил: «У зотга тиловат савобини бағишлаш мустаҳаб», деган. Уламоларимизнинг гапи шуки, кишининг ўз амалини бошқага ҳадя қилиши мумкин экан, бунга Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам кирадилар, чунки у зот бунга энг ҳақлидирлар. Зеро, у зот бизни залолатдан қутқарганлар. Бунда бир нав шукр ва у зот алайҳиссаломга гўзал тортиқ қилиш бор.
Хулоса, бу ишни қилиш жоиз, лекин ҳар бағишлашда эмас, ўрнида, мавлид йиғинларида, алоҳида ният қилиб хатм қилганида. Валлоҳу аълам