Тавба қилсам

12:46 / 24.02.2020 | Nargiza | 557
Ассалому алайкум! Бир йил олдин бир инсонни кўнглини қаттиқ оғритиб қўйганман. Ҳар доим шу нарса эсимга тушганида жудаям сиқиламан. Аллоҳга истиғфор айтиб тавба қиламан, лекин Аллоҳим кечирармикин ёки ўша инсонни ўзи мени кечирмагунича Аллоҳ ҳам мени кечирмайди деб ўйлайман. У инсонни танимайман, таниганимда ўзидан кечирим сўраган бўлардим. Агар мен чин дилдан тавба қилсам Аллоҳим мени кечирадими?
Одинахон Муҳаммад Юсуф:

– Ва алайкум ассалом!  Бандаларнинг орасидаги ўзаро муносабат бошқачароқ бўлади. Яъни, мазлум банда золимни кечурмагунича Аллоҳ уни кечирмайди. Шу сабаб ўша одамни топиб рози қилишга ҳаракат қилинг. Валлоҳу аълам.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Касодга учраган кимлигини биласизларми?» дедилар.

«Бизнинг ичимизда касодга учраган дирҳами ҳам, матоҳи ҳам йўқ одам», дейишди.

«Албатта, умматимдан касодга учрагани қиёмат куни намоз, рўза, закот билан келган, аммо буни сўккан, буни зинода айблаган, бунинг молини еган, бунинг қонини тўккан, буни урган одамдир.

Бунга унинг савобларидан берилур, анавинга ҳам унинг савобларидан берилур. Агар унинг зиммасидаги нарса тамом бўлмасдан аввал савоблари тугаб қолса, уларнинг хатоларидан олиниб, унинг устига ташланур. Сўнгра у дўзахга ташланур», дедилар».