Ўз боласига азон айтиш

12:57 / 09.03.2017 | Савол | 4125
Ассалому алайкум! Янги туғилган чақалоққа ўз отаси азон чақирса бўладими? Унинг тартиблари қандай? Жавоб учун аввалдан катта раҳмат
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом! Албатта, ота янги туғилган гўдагининг қулоғига азон айтиши жоиз. Қиблага юзланиб, боланинг ўнг қулоғига баландроқ овозда азон айтади. Сўнгра чап қулоғини ўзига тўғрилаб, пастроқ овозда такбир айтади.
عَنْ أَبِي رَافِعٍ  قَالَ: رَأَيْتُ النَّبِيَّ  أَذَّنَ بِالصَّلَاةِ فِي أُذُنِ الْحَسَنِ بْنِ عَلِيٍّ حِينَ وَلَدَتْهُ فَاطِمَةُ . رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ وَصَحَّحَهُ.
Абу Рофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Фотима(розияллоҳу анҳо)нинг туққан боласи Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳумнинг қулоғига азон айтаётганларини кўрдим».
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган. Термизий саҳиҳ, деган.
Ушбу ҳадиси шарифга биноан, янги туғилган фарзанднинг ўнг қулоғига азон, чап қулоғига иқома айтиш мандубдир. Янги туғилган боланинг қулоғига кирган биринчи нарса Аллоҳнинг зикри бўлиши ниҳоятда яхши ишдир. Албатта, бу улуғ нарсанинг ўзига яраша баракаси бўлади.
Ривоятлардан бирида:
«Кимнинг боласи туғилса-ю, унинг ўнг қулоғига азон, чап қулоғига иқома айтса, унга Умму Сибён зарар етказа олмас», дейилган.
Умму Сибён – болаларга зиён етказадиган жин тоифасидир.
Валлоҳу аълам