Қайнона ва келин муносабати

22:42 / 12.03.2020 | Диёра | 1094
Ассалому алайкум! Турмуш қурганимга 2 йил бўлди. Қайнонам ҳам, эрим ҳам жуда яхши инсон. Лекин кейинги пайтларда қайнонам билан орамизда сал келишмовчиликлар кўпаймоқда. Сал нарсага хафа бўлиб қоладиган одат чиқардилар. Эрим билан ҳазиллашсак, кулишсак ҳам нотўғри тушуниб, гапирмай қўядилар. Жанжаллашсак ҳам хафа бўладилар. Иложи борича уларни олдида гаплашмасликка ҳаракат қиламиз, лекин эрим баъзида тушунади, баъзида жаҳл қилиб хафа бўлиб қолади. Ҳамма нарсага аралашаверадилар, рўзғор, уй ишлари қолиб, эр-хотин муносабатларига ҳам аралашяптилар. Бундай қилишлари тўғрими-нотўғрими билолмаяпман. Қайнонамнинг наздларида индамай юришимиз керак, кулишиш, ҳазиллашиш у ёқда турсин, ҳаттоки гаплашмаслигимиз керак. Қайнонамни кўнглини олай десам, эрим билан орамиз совияпти,эримни кўнглини олай десам, қайнонам билан бора-бора қаттик орамиз совиб кетадигандек туюляпти. Илтимос маслахат беринг.
Руҳшунос:

– Ва алайкум ассалом! Қайнона келин муносабатлари афсуски битмас туганмас муаммога ўхшайди бизнинг ўзбекчиликда. Сизнинг бу шароитингиз устидан ғолиб келишингиз учун бир нарсани тушуниб олишингиз керак. Қайнонангизнинг гармон тизими сизники каби жўш уриб ишламайди. Бу тизим ёш катталашган сари сўлиб бораверади. Сиз аёллик қувватига тўла, бахтингиз баркамол ёш навқирон аёлсиз. Ана шу томонлама икковингизнинг фарқингиз бор. Бу нарсани ақли тушунсада, аммо катта ёшдаги баъзи аёллар ўзларини бошқаришлари, келинга тенг келмай аксинча унга ибрат бўлиши, бу каби вазиятларда ўзини келиндан донороқ тутиши бироз мушкул иш. Баъзида катта ёшга кириб қолган аёл, айниқса турмуш ўртоғи бўлмаса ва ўғли биргина ўғил фарзанд бўлса вазият янада чигаллашиб, ўғли ва келинини ёлғиз қўйишни хоҳламайди. Буни орқасидан жуда катта жанжаллар ва ажралишлар келиб чиқади. Сабаби ўғлини рашк қилишида. Бу каби вазиятларда албатта келинга зулм қилинган бўлади. Аммо бу ҳатоликларга йўл қўйган қайноналар ўз ҳатоларини тан ололмайдилар. Чунки дунёқараши ва руҳи соғлом эмас. Руҳан соғлом аёл ўзини қўлга олади. Ўйлайманки сизнинг қайнонангиз оқила аёл. Шуни ҳам айтиш жоизки қайнонангизнинг сиздан устун томонлари жуда кўп. Унда жуда катта ҳаётий тажриба бор. Ҳар қандай вазиятда унга суянишингиз, маслаҳат олишингиз мумкин. Сизнинг турмуш ўртоғингиз сизга ёқадику? Шу инсонни сизга ёқадиган қилиб тарбиялаб, тайёр эркак қилиб берган, у учун тинимсиз меҳнат қилган аслида шу қайнонангизку. Тўғри ўз уйингизда эркин бўлиб юргингиз, турмуш ўртоғингиз билан хушчақчақ бўлиб ўтиргингиз келади. Лекин қайнонангизнинг ғашини келишини инобатга олиб турганингиз маъқул иш. Чунки шу тушунчангиз орқали уйингиз тинч бўлади. Сиз турмуш ўртоғингиз билан ҳозирда бўлак бўлиб чиқиб яшай олмас экансиз, демак бир оз сабр қилишингиз керак экан. Лекин алоҳида хонангизга кирганингизда ўзингизни бемалол эркин тутишингиз мумкин. Буни бора-бора турмуш ўртоғингиз ҳам тушуниб олади. Қайнонангиз олдида ўзингизни бироз йиғиб юришингиз ётоқхонага кирганингизда ҳам ўзингизни шундай тутишингиз керак дегани эмас. Инсон ўз шароитини тушунишни ўрганиб олса ҳар нарсани ечимини топа олади.  Валлоҳу аълам!