– Ва алайкум ассалом! Гапларингиздан ўзингизни қадрингизни билмаганлигингиз кўриниб турибди. Ҳамма сизнинг бу феълингизга ўрганиб қолган. Индамай хизматларни елиб-югуриб қилган, ҳеч қачон касал бўлмаган, миқ этмаган аёл бирдан касал бўлиб қолишга ҳаққи йўқдурда. Демоқчиманки сиз ҳар доим ҳамманинг хизматида бўлиб, ҳеч қачон ўзингиз учун яшамагансиз. Ҳатто касал ҳолатингизда ишни биров қилиб туриши ҳақида ўйлаяпсиз, шифокорга кўриниш ҳақида эмас. Бу ўзига зулм қилиш эмасми? Албатта аёл киши яқинларига ёрдам бериши, уй ишларини қилиши керак. Овқат пишириш, уйни озода тутиш, кийимларни ювиш ва дазмол уриш каби. Аммо аёл киши қул эмаску. Ишларни қурби етгунича қилса етарли. Ибодатга, илмга ҳам вақт ажратиши керак. Айниқса мазаси бўлмаса ҳар қандай иш бўлмасин ҳаммасини ташлаб ўз соғлигини биринчи ўринга қўйиб мутаҳассис шифокорларга кўриниши керак. Сиз турмуш ўртоғингиз томонидаги қариндошларингизни ўз хизматларингизга жуда яхшигина ўргатиб қўйдингиз. У инсонлардан хафа бўлиш бефойда. Энди даволаниш йўлларини изланг. Сиз аввало ҳур инсон эканлигингизни унутманг. Иш қочиб кетмайди. Инсон тирик экан, атрофини ҳар қандай “ишлар” ўраб тураверади. Темир хотин бўлиб ҳамма ишни уддалаб, умуман иш қолмади деганингизда ҳам овқат пишириш, кетидан идишларни ювиш ҳеч қачон тугамайди. Фақат ўйлаб кўринг, оғир касал бўлиб ётиб қолсангиз кимга кераксиз?.. Валлоҳу аълам!