Ассалому алайкум! 4 ёшли қизим ҳали ҳам қўлини сўради, маслаҳат беринг.
– Ва алайкум ассалом! Ва алайкум ассалом. Аксарият ҳолатда 1 ёшгача бўлган даврдаги болаларда бармоқларини сўриш одати кузатилади. Аммо бу ҳолат 2-6 ёшгача ҳам гоҳида кузатилиши мумкин ва шу вақт ўтгач, қолиб кетади. 1-1.5 ёшдан ошган болаларда бармоқ сўриш ҳолати кузатилишига қуйидагилар сабаб бўлиши мумкин :
1. Болани кўкракдан ўта вақтли ёки кескин ажратиш.
2. Эмоционал дискомфорт ( болани кайфияти яхши эмаслиги).
3.Шаклланиб бўлган одат.
4. Боланинг безовталиги, унга меҳр ёки эътибор етишмаслиги.
5.Қаттиқ қўрқув.
6. Баъзан болалар маълум нарсада фикрини жамлашга ҳаракат қилса ҳам бармоғини сўриши мумкин.
Нима қилиш керак? Қуйидагиларни қўлланг:
1. Оиладаги муҳитни яхшиланг. Боланинг олдида жанжаллашмаслик ва муносабатларни очиқчасига ҳал қилмасликка ҳаракат қилинг. Оиладаги ностабил психологик муҳит бола учун стресс ва у болани юпаниш воситаси сифатида бармоқ сўришни қўллашига олиб келади.
2. Болага максимал даражада эьтибор қаратинг: у билан ўйнанг, қучоқланг, яқинлигингизни билдиринг.
3. Боланинг кайфиятини диққат билан кузатинг: ундаги қўрқувни, хавотирни ўз вақтида пайқаб, шу заҳотиёқ уни овутинг, бошини силанг, бағрингизга олинг ёки у билан болалар учун мўлжалланган мультфилм кўришингиз мумкин.
4. Боланинг ҳаётини ранг-баранг бўлишига имкон яратинг: у билан циркка ёки истироҳат боғига, зоопаркка боринг. Болани актив ўйинлар ва машғулотлар билан шуғуллантириш ҳам манфаатли.
5. Телевизор кўриш режимини назорат қилинг: агрессив ва жанговар фильмларни бола кўрмагани маьқул. Умуман олиб қаралганда, агар болангиз актив, киришувчан ва соғлом бўлса унинг бу "одат"идан безовта бўлмасангиз ҳам бўлади. Иншааллоҳ аста-секин қолиб кетади.