Ўзини тушунмаслик

00:01 / 13.03.2020 | Shoxista | 2421
Ассалому алайкум! Мен негадир ўзимни тушунмаяпман. Яъни қандай яшашни билмаяпман. Билмадим нега? Ёшим 18 да. Кўп жаҳлим чиқади, уйқу, ҳолсизланиш ҳам кўп. Қуръондан кунлик вазифамни қилишга жуда эринчоқ бўлиб боряпман ва шунинг учунми қоронғуликданаман. Ҳарчанд урунсамда мен қандай яшашни билмаяпман. Гўё ҳамма менга қаршидек. Ҳеч ким мени тушунишни хоҳламаяпти. Асабийлашябман, бошим қаттиқ оғриб, кейин айланишни бошлайди ва қон босимим ошиб кетадиган бўлиб қолди. Жуда тасирчанман, негадир уйдан, ҳамма нарсадан безигандекаман. Ич-ичимдан табиат қўйнида дам олишни жуда истаяпман. Аммо бунга имкон йўқ, маблағ йўқ. Ҳозирдан ҳаётдан чарчагандекман. Мен олдинга силжишим учун келажакни кўриш учун битта мақсад бор, бу мураттаб қория бўлиш, аммо бунга ҳам борган сари ҳаракат сусайиб бормоқда. Илтимос, менга шу икки масалада ёрдам беринг! Яъни тезроқ мураттаб қория бўлиш учун ва ҳаётда гўзалликлардан баҳра олиб яшашим учун нима қилиш керак?
Руҳшунос:

– Ва алайкум ассалом! Кун тартибини нормал ҳолатга келтириб олишингиз керак. Уйқу аёл кишининг организми учун 8 соат давомида бўлиши ҳамда кечки уйқуга ётилиши соат 22 дан кечикмаслиги ва уйғониш вақти ҳам 6 дан кеч бўлмаслиги керак. Шунда аёл организмининг гормон тизими нормал ҳолатида бўлади ва бу ўз навбатида кайфиятда салбий ўзгаришлар рўй бермаслигига яхши кафолатдир. Кунига ярим соат оддий жисмоний машқларни бажариш (масалан ўтириб туриш, зинапоялардан чиқиш) ёки пиёда юриш керак. Шунда қон яхши айланиб, соғлигингизда ижобий ўзгаришлар содир бўлади ва миянгиздан салбий ҳаёллар йўқола боради. Ғайратингиз ошади ва кучингиз ҳам кўпаяди. Албатта тўғри овқатланишингизни таъминлашингиз керак. Энг асосийси бугунги кунингизда эртанги кунингизни дафтарингизда режалаштириб қўйинг. Психолог ва менежмент олимларининг статистикасига биноан ёзилган режанинг амалга оширилиши ҳаёлан қилинган режанинг амалга оширилишидан кўра баракалироқдир. Эндокринолог, невропатолог мутаҳассисларининг кўригидан ўтиб қўйганингиз мақсадга мувофиқ бўлар эди. Маслаҳат сўраганингиз учун айтмоқчиманки, “Асмаъул-ҳусна” илмини ўрганиб олганингиз олдингизга қўйган мақсадингизга эришишингизни онсонлаштиради.  Валлоҳу аълам!