Ўғлим тез хафа бўлиб аразлаб қолади. Буни қандай бартараф этиш мумкин?

02:02 / 30.03.2020 | Dilnoza | 591
Ассалому алайкум! 2 нафар ўғлим бор. Каттаси 11 ёшда, кичиги 8 ёшда. Кичик ўғлим сабабсиз тезда аразлаб қолади. Ҳеч ким билан гаплашмай қўяди. Бундай қилиш ёмон деб кўп гапирдим. Фойдаси бўлмаяпти. Маслаҳат беринг.
Руҳшунос:

– Ва алайкум ассалом!  Кичик ўғлингиз бекорга бундай қилмайди. У билан кўпроқ гаплашинг. Қанча кўп гаплашсангиз шунча унинг қалбини, дардини тушуниб олишингиз осон бўлади. Гаплашганингизда ҳам уни танқид қилмай, насиҳат қилмай оддий икки дўст каби мулоқот қилинг. “Бундай қилиш ёмон”, деб айтганингиз билан, нима учун ёмон эканлигини у тушунмайди. Чунки бу қилиқлари орқали у эътиборингизни тортмоқчи, “менга эътибор беринглар”, демоқчи. Бирон касалликни даволамоқчи бўлсангиз дори билан дардни тўхтатасиз. Лекин дарднинг ўзи нимадан пайдо бўлиши, унинг сабаби нимада эканлигини тагига етмайсиз ва бироздан сўнг дард янада кучлироқ бўла бошлайди. Шу каби болага “ундай қилма, бундай қилма, у ёмон, бу ёмон” деяверилиши унинг хулқининг ўзгариш сабабини сизга намоён этмайди. Болага расм чиздириш, бирон ижод қилишни ўргатиш, унга илм ўргатиш орқали у билан шуғулланиш бир-бирингизни янада яқинлаштиради.   Валлоҳу аълам!