Намоз ўқиш ҳолати

07:36 / 27.03.2020 | Садокатхон | 394
Ассалому алайкум! Менда кичик жарроҳлик муолажаси бўлганлиги сабабли ўтириш мумкин эмас. Туриб намозни адо этишим керакми ёки ётган ҳолатдами ва бундай тартибдаги намознинг шартлари кандай?
Одинахон Муҳаммад Юсуф:

– Ва алайкум ассалом! Аллоҳ шифо берсин. Намозни ётиб адо этилади.

Аллоҳ таоло бандаларни тоқатларидан ташқари амалларга буюрмайди. Уларнинг ҳолатларини эътиборга олади. Бемор бўлиб қолган кишининг беморлиги ҳисобга олинади. Намоз ўта аҳамиятли ибодатдир, уни вақтинчалик бўлса ҳам тарк қилиб бўлмайди. Агар шундай қилинса, банда намоздан узоқлашиб қолади. Намоздан узоқлашиш эса Аллоҳ таолонинг раҳматидан узоқлашишдир. Айниқса бемор банда Аллоҳ таолога ёлвориши, Унинг раҳматидан умидвор бўлиши матлубдир.

Шунинг учун бемор киши ҳам имкони борича намозини ўқийверади. Бу ҳам Исломнинг енгиллик дини эканининг ёрқин далилидир. Келаси сатрларда ушбу масалани батафсил ўрганишга ҳаракат қиламиз.

Намозда ундан аввал ёки унинг асносида пайдо бўлган беморлик сабабли тик туриш узрли бўлиб қолса, ўтирган ҳолда рукуъ ва сажда қилиб ўқийди.

Агар беморлик туфайли тик туриб намоз ўқиш имкони бўлмаса ёки тик турса беморлиги зиёда бўлиш хавфи бўлса, тузалиши орқага сурилса, тик турганда шиддатли алам бўлса ёхуд боши айланса, ўтирган ҳолда рукуъ ва сажда қилиб намоз ўқийди.

Бу ҳукмга далил қуйидагича:

عَنْ عِمْرَانَ بْنِ حُصَيْنٍ  قَالَ: كَانَتْ بِي بَوَاسِيرُ، فَسَأَلْتُ النَّبِيَّ  عَنِ الصَّلَاةِ، فَقَالَ: «صَلِّ قَائِمًا، فَإِنْ لَمْ تَسْتَطِعْ فَقَاعِدًا، فَإِنْ لَمْ تَسْتَطِعْ فَعَلَى جَنْبٍ». رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا مُسْلِمًا.

 

Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Менинг бавосирим бор эди. Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан намоз ҳақида сўрадим. У зот:

«Тик туриб ўқи. Агар қодир бўлмасанг, ўтириб ўқи. Агар қодир бўлмасанг, ёнбошлаб ўқи», дедилар».

Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган.

Агар рукуъ ва сажда ҳамда қиём узрли бўлиб қолса, ўтиришга қодир бўлса, ўтириб, боши билан имо қилади.

Ўрнидан туриб намоз ўқий олмайдиган одам ўтирган ҳолида рукуъ ва сажда қила олмаса, ўтирган ҳолида имо билан намоз ўқийди.

Тик туришга қодир бўлиб, рукуъ ва сажда қилиш узрли бўлиб қолса, ўтириб имо қилиш маҳбубдир.

Рукуъ ва сажда қила олмаса-ю, тик туришга қодир бўлса ҳам, ўтириб, имо билан намоз ўқийди.

Ўтирган ҳолда имо билан намоз ўқиш тик туриб имо билан намоз ўқишдан яхшидир. Чунки ўтирганда ерга яқин бўлади. Имо билан намоз ўқиган одам

Саждасини рукуъсидан пастроқ қилади.

Чунки аслида ҳам сажда рукуъдан паст бўлади.

Сажда қилиш учун бирор нарсани кўтармайди.

رَوَى الْبَزَّارُ وَالْبَيْهَقِيُّ عَنْ جَابِرٍ  وَالطَّبَرَانِيُّ عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا: أَنَّ النَّبِيَّ  عَادَ مَرِيضًا، فَرَآهُ يُصَلِّي عَلَى وِسَادَةٍ، فَأَخَذَهَا فَرَمَى بِهَا، فَأَخَذَ - أَيِ الْمَرِيضُ- عُودًا لِيُصَلِّي عَلَيْهِ، فَأَخَذَهَا فَرَمَى بِهِ، وَقَالَ: «صَلِّ عَلَى الْأَرْضِ إِنِ اسْتَطَعْتَ، وَإِلَّا فَأَوْمِ إِيمَاءً، وَاجْعَلْ سُجُودَكَ أَخْفَضُ مِنْ رُكُوعِكَ».

 

Баззор ва Байҳақий Жобир розияллоҳу анҳудан, Табароний Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир беморни кўргани бордилар. Унинг болиш устига намоз ўқиётганини кўриб, уни олиб, отиб юбордилар. У – яъни бемор – бир чўпни олиб, ўшанга сажда қилмоқчи бўлди. Ул зот уни ҳам олиб, отиб юбордилар ва: «Агар қодир бўлсанг, ерга сажда қил. Бўлмаса имо қил. Саждангни рукуъингдан пастроқ қил», дедилар».

Имо билан намоз ўқувчи бир нарсага бошини эгиб, пешонасини қўйиб сажда қилса дуруст. Аммо бошини эгмасдан, ҳалиги нарсани пешонасига олиб бориб теккизса бўлмайди.

Агар ўтиришга ҳам қодир бўлмаса, қиблага юзланган ҳолда, ёнбошлаб ёки чалқанча тушиб ўқийди.

Чалқанча тушганда оёғини қиблага қаратиб, тиззаларининг остига бирор нарса қўйиб, бир оз кўтариб қўйилади. Шунда қиблага оёғини чўзмаган бўлади. Бошининг остига ёстиқ қўйиб, юзи қиблага қаратилади.

Чалқанча ҳол яхшироқдир.

Шунда имоси Каъба тарафга бўлади.

Имо бош билан бўлади.

Қош ёки кўз билан бўлмайди.

Агар бош билан имо қилиш ҳам узрли бўлса, кечга суради.

Аммо намоз соқит бўлмайди. Қодир бўлганда унинг қазосини ўқиб беради. Агар ўша беморликдан тузалмай вафот қилса, афв қилинади. Фидя бериш ҳам лозим бўлмайди.

Имо қилаётган одам намоз ичида тузалиб қолса, намозни янгитдан ўқийди.

Шунингдек, ёнбошлаб ўқиётган одам ўтиришга қодир бўлиб қолса ҳам, намозни ўтирган ҳолда янгитдан бошлайди. (“Кифоя” китобидан)

 Валлоҳу аълам!