Севимли машғулот

15:06 / 05 апрель | Nazira | 78
Ассалому алайкум! Ҳозирда инглиз тилини ўрганяпман. Аммо бу менинг севимли фаним эмас. Бундан ташқари мен ўзимнинг севимли машғулотимни топа олмаяпман. Илтимос, маслаҳат беринг, инсон қандай қилиб севимли машғулотини ажрата олади?
Руҳшунос:

– Ва алайкум ассалом! Инсон ўзининг севган машғулотини бир деганда топа олмайди. Бунинг учун у кўп изланишларда бўлиши ва кўп ишларни амалга ошириши керак. Мисол учун қиз болани кичиклигидан тикиш-бичиш, кашта тикиш, тўқиш, спорт тўгараклари ва илм тўгаракларига бирма-бир олиб борилганида у “ўзлигини” топа бошлайди. Нималарга қизиқишини ва қай бирлари у учун эмаслигини тушуниб олади. Шунинг учун ҳам ота-онаси тикишни ўрган деса у хоҳламай қолиши ёки математика тўгарагига қатнашиб бирдан боргиси келмай қолиши ва сузишга боришни хоҳлаб бир оздан сўнг у ерга ҳам боришни истамаслигига танқидий қараш керак эмас. У шу орқали севган машғулотини ёки келажакда у учун муҳим ва қизиқарли бўлган севимли касбини ўзи учун кашф қилади. Сиз ҳам севган машғулотингизни ҳали тополмаган бўлсангиз шошилманг. Изланишларда давом этаверинг. Демак ҳали етарликча ишларни қилиб кўрмагансиз. Бу эса ҳали ҳаммаси олдинда дегани.  Валлоҳу аълам!