Ўлимини Аллоҳдан сўраш

17:24 / 31.03.2020 | Ranoxon | 784
Ассалому алайкум! Банда ўзини-ўзи ўлдирмай ўлимини Аллоҳдан ўтиниб сўрашини ҳукми қандай?
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! 

Бунинг жавоби қуйидаги ҳадисда:

عَنْ أَنَسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: لَا يَتَمَنَّيَنَّ أَحَدُكُمُ الْمَوْتَ لِضُرٍّ نَزَلَ بِهِ، فَإِنْ كَانَ لَا بُدَّ مُتَمَنِّيًا لِلْمَوْتِ فَلْيَقُلِ اللَّهُمَّ أَحْيِنِي مَا كَانَتِ الْحَيَاةُ خَيْرًا لِي، وَتَوَفَّنِي إِذَا كَانَتِ الْوَفَاةُ خَيْرًا لِي. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ. وَفِي رِوَايَةٍ: قَالَ قَيْسٌ أَتَيْتُ خَبَّابًا وَقَدِ اكْتَوَى فِي بَطْنِهِ سَبْعًا، فَسَمِعْتُهُ يَقُولُ: لَوْلَا أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ نَهَانَا أَنْ نَدْعُوَ بِالْمَوْتِ لَدَعَوْتُ بِهِ. وَلِلْبُخَارِيِّ: لَا يَتَمَنَّى أَحَدُكُمُ الْمَوْتَ إِمَّا مُحْسِنًا فَلَعَلَّهُ يَزْدَادُ، وَإِمَّا مُسِيئًا فَلَعَلَّهُ يَسْتَعْتِبُ

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бирортангиз ўзига етган зарар туфайли ўлимни орзу қилмасин. Агар ўлим тилашдан бошқа иложи қолмаса:
«Аллоҳим, модомики тириклик менга яхши бўлса, мени тирик қолдир. 
Қачон менга вафот этиш яхши бўлса, мени вафот этдир», десин», дедилар».
Бешовлари ривоят қилганлар.
Бошқа бир ривоятда:
«Қайс: «Хаббобнинг олдига борсам, қорнига етти марта нарса қиздириб, бостирган экан. Мен унинг «Агар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизни ўлим тилаб дуо қилишдан наҳий қилмаганларида, албатта, уни тилаб дуо қилган бўлар эдим», деганини эшитдим», деди», дейилган.
Бухорийнинг ривоятида:
«Бирортангиз ўлимни орзу қилмасин. Агар яхшилардан бўлса, шояд (амали) зиёда бўлса. Агар ёмонлардан бўлса, шояд қайтса», дейилган.
Шарҳ: Аллоҳ таоло инсонга ҳаётни яшаш учун берган. Инсон бу дунёда яхши-ёмонга чидаб, ўзига берилган ҳаётни муносиб яшаб ўтказмоғи лозим. Кимки ўзига етган баъзи қийинчилик ва зарарларга чидай олмай, ўзига ўзи ўлим тиласа, бу Аллоҳнинг қадарига қарши чиқиш, Аллоҳнинг иродасига эътироз қилиш бўлади. Бу иш эса мўмин киши учун мутлақо мумкин эмас.
Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларини ўзига ўзи ўлим тилашдан наҳий қилганлар.
Баъзи кишилар жуда ҳам ночор ҳолга тушиб қолган тақдирларида ҳам уларга бу ишни Аллоҳ таолонинг Ўзига ҳавола қилишлари, нима яхшилик бўлса, ўшани сўрашлари тавсия қилинмоқда. Мўмин киши доимо яхшилик тарафдори бўлади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таолодан ўзи учун ўлим яхши бўлса, ўлимни, ҳаёт яхши бўлса, ҳаётни беришини тилайди.
Нима учун ўлим тилаш мумкин эмаслигининг ҳикмати Имом Бухорийнинг ривоятларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари томонларидан баён қилинмоқда:
«Бирортангиз ўлимни орзу қилмасин. Агар яхшилардан бўлса, шояд (амали) зиёда бўлса. Агар ёмонлардан бўлса, шояд қайтса».
Мўмин киши ўзига ўзи ўлим тиламасин, чунки у яхши одам бўлса, ўлмасдан, ҳаётда бардавом бўлиб турса, яхшиликлари кўпайиб, охиратга тўплайдиган заҳиралари кўп бўлади. Агар Аллоҳ кўрсатмасин, ёмон одам бўлса, тирик қолиши унга тавба қилиш фурсатини, яхшилар қаторига қўшилиш фурсатини берган бўлади. Демак, ҳаётда бардавом бўлишда мўмин учун фақат яхшилик бор. Ҳатто ўша ўзи нолиётган зарарга сабр қилиши ҳам кўплаб ажр-савобларга эга бўлишига сабаб бўлади. ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан). Валлоҳу аълам!