Аёлимга ҳидоят

21:22 / 02.04.2017 | Савол | 1246
Ассалому алайкум!
Мен 48 ёшдаман, аёлим 47 да, турмушимизга 25 йил бўлди. 3 та фарзандимиз бор.
Гап шундаки, аёлим ибодат, намоз, Қуръон ўқиш каби гапларни қабул қилмайди. Унга тушунтиришларим, китоб ва мақолалардан ўқиб беришларим таъсир қилмайди. Ҳатто энг яқини онасининг ўлими ҳам ибодат қилишига сабаб бўлмади. Бундан 10 йилларча бурун намоз ўқиганди, кейин ташлаб қўйди. Сабаби тушунарсиз. Бомдодга тура олмасмиш, қолганларини кейинга қолдирганмиш.
Қисқаси шунча ҳаракатларимдан кейин ҳам охиратда аёлимнинг бундай амаллари учун жавоб бераманми? Албатта ҳидоят Яратганнинг Ўзидан, аммо илтимос, унга буларни тушунтиришда ёрдам ва маслаҳат беринг
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом! Аёлингизнинг шундай ҳолатига сиз бепарво бўлганингизда, уни ибодатга чорламаганингизда, жавобгар бўлардингиз. Аммо сиз ҳаракат қилгансиз.

«Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлару тошдан бўлган оловдан сақланг» (Таҳрим сураси, 6-оят).
Уламолар ушбу ояти каримадан «Ҳаётда оловдан қандай сақлашга уринган бўлсангиз, шу даражада сақлашга ҳаракат қилинг» деган маънони олганлар.
Аллоҳ таоло Одил Зот, Ўзи кўриб, билиб турибди. Аллоҳдан ҳидоят сўрайверинг. Ўзига осон. Ўзи ҳидоятга чорласин! Омин. Валлоҳу аълам