Болаларим тарбиясида қийналяпман, ёрдам беринг.

01:18 / 30.03.2020 | Мадина | 808
Ассалому алайкум! 12, 11, 8, 5 ёшларда бўлган тўртта ўғлим бор. Алҳамдулиллаҳ, ҳаммамиз намоз ўқиймиз, имкон қадар Ислом доирасида яшашга ҳаракат қиламиз. Эр-хотин ўртасида жанжаллар ҳам бўлиб туради. Билмадим, шулар сабабмикин, ўғилларим бир-бири билан кўп жанжаллашади. Биттаси каттаман демайди, бириси кичикман, гапдан қолай демайди. Бунақа ака-укалар уришмайди, Аллоҳ ҳар бир қилган ишингизни билиб туради, ёлғон гапирманглар, сўкишманглар, урушманглар, энди катта боласизлар, деган тарзда панд-насиҳатлар қиламан. Гапимни олишмайди, бу ҳолатлардан жуда қийналиб кетдим. Ҳали ёш бўлатуриб, энг каттасининг ёши 12 да, ҳаммаси қанақадир асабий. Характерми, ё бошқа ҳолатми, тушунмай қолдим, тез жаҳли чиқиб бир зумда бақир-чақир қилиб юборишади, бир-бирларига қўл кўтаришади. Қанча яхши гап билан тушунтиришга уринмай, фойдаси бўлмаяпти. Нима қилсам экан? Ўғилларимни психологга олиб боришим керакми? Нима маслаҳат берасиз?
Мутахассис:

– Ва алайкум ассалом! 

1.Агар оилада ота-она ўртасида ўзаро ҳурмат бўлмаса, доим бир-бирларидан норози бўлаверсалар,  бу ҳолат фарзандлар руҳиятига таъсир қилиб,  агрессив, инжиқ бўлиб қолишига сабаб бўлади. Чунки ота-онанинг ҳис-туйғуларини болалар доимий сезиб туради.

2.Фарзандларнинг ўзаро келиша олмасликларига уларни оила  ўз ўрнида кўрилмагани ҳам сабаб бўлади. Масалан, одатда кичик фарзандлар дунёга келганида катталарига эътибор бериш, эътироф этиш камайиб кетади. Шу пайтда бола ўзини кераксиз ҳис этиб, руҳияти тушиб кетади. Оқибатда эътиборталаб, жиззаки бўлиб қолади.

Одатда кичкина фарзандимиз кўзимизга кичкина кўриниб, кўпроқ у ҳақида ўйлаймиз. Аслида эса катта фарзанддан бошлаб навбати билан уларга эътибор қаратиш керак. Бу рефлексга айланиши учун овқат сузаётганда, кирларни юваётганда, дазмол қилаётганда ёки бағрингизга босиб эътироф этаётганингизда катта фарзандингиздан бошланг.

3.Бундан ташқари 11 ва 12 ёшли фарзандларингиз балоғат ёшида. Бу ёшда кўпроқ кўнглига қараб, ишонч билдириб, қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилинг. Чунки улар бу ёшда сизнинг эътибор ва эътирофингизга муҳтож бўлишади.

4.Аввало, ўзингизни, кейин фарзандларингизни психологга кўрсатинг. Психолог тавсияларига амал қилган ҳолатда эр-хотин муносатларига эътибор қаратинг,  фарзандлар  олдида жанжаллашиш одатларини тарк этинг. Чунки уйнинг муҳитини она яратади. Онанинг гўзал ҳис-туйғулари, ширин ўй-хаёллари оилада хотиржамликни, осудаликни барпо этади. Сиздан фарзандлар шу тариқа намуна олишади.