Тезроқ ўқиш

02:25 / 29.03.2020 | Zulhumor | 1554
Ассалому алайкум! Қуръон ўқиётганимда салгина тезроқ ўқисам жоизми?
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом!

Қироатдаги тезлик даражалари

Қуръони Карим қироатининг учта тезлик даражаси бор. Улар қуйидагилардир:

1) Таҳқиқ; 2) Ҳадр; 3) Тадвир.

Таҳқиқ – Жуда секин, хотиржам, шошилмасдан, тажвид аҳкомларига риоя қилиб, тадаббур ва тафаккур билан ўқиш. Бундай қироатда мадлар энг узун миқдорда чўзилади, ғунналар тўла адо этилади. Ҳарфлар махражидан аниқ, мукаммал сифат ила чиқарилади. Бу услубдан кўпроқ таълим асносида фойдаланилади.

Ҳадр – Қуръони Каримни тажвид ҳукмларига амал қилган ҳолда энг тез ўқиш. Бунда мадлар энг қисқа миқдорда чўзилади, ғунналарда муболаға қилинмайди. Ҳадрда тиловат қилган қори ҳарф ва ҳаракатларни тўлиқ чиқаришга эътибор бериши, шошилиб, чала талаффуз қилиб кетмаслиги лозим. Бу услуб оятларни ёд олиш ва такрорлашда қўл келади.

Тадвир – Қуръони Каримни таҳқиқ ва ҳадр орасида, мўътадил тезликда ўқиш. Бунда мадлар ўртача миқдорда чўзилади. Тадвир энг кўп қўлланадиган услубдир.

Баъзи уламолар тартилни ҳам қироат даражаларига қўшганлар. Бу фикрга кўра, қироат тезликлари тўртта бўлади. Аммо муҳаққиқ уламоларнинг фикрларига кўра, тартил алоҳида тезлик даражаси эмас, балки у умумий бўлиб, қолган учта даражани ўз ичига олади, чунки Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг ўзида уни тартил билан тиловат қилишни буюрган ва учала даражада (таҳқиқ, ҳадр, тадвирда) ҳам Қуръон калималарини тажвид асосида ўқиш шарт қилинган. Бинобарин, ҳаммаси ҳам тартил жумласига киради.

(Муфассал тажвид)

 Валлоҳу аълам!