Оиламдаги масала

01:24 / 30.03.2020 | A’loxon | 1140
Ассалому алайкум! Мен 16 ёшдаман. Рус мактабда ўқийман. Оилада кичик фарзандман, икки опам ва 22 ёшар акам бор. Мен ва опаларим, алҳамдулиллаҳ, намоз ўқиймиз, отам ва акам ичкиликка берилган. Оилада муаммомиз шундаки, акам кўчаларда ҳар бало қилиб юради, умуман, бизга меҳри йўқ, онамни ҳурмат килмайди, ҳақорат қилади. Яхши инсонларга қўшилмайди. Ҳаром-ҳалолга эътибор бермайди. Дадам эса акамнинг ёмон ишларига ҳам кўз юмиб, қаттиқ гапирмайди, назорат қилмайди. Онам гапира-гапира чарчадилар. Мен акам ҳақларига дуо қиламан, яхши инсон бўлишига умид қиламан.
Акамнинг тарбияси, хулқ-атвори ҳаммамизни қийнаб юборди. Акам яқинда яна бўлмағур ишга қўл уриб, ҳаммамизни ранжитди. Дадам яна аввалгидай танбеҳ бермадилар. Оиламизда бу ҳолат менга қаттиқ таъсир қиляпти. Бизнинг холатимизда нима қилишни маслаҳат берасиз? Жавобингиз учун раҳмат!
Мутахассис:

– Ва алайкум ассалом!  Азиз синглим, сизнинг қўлингиздан фақат дуо қилиш келади. Онангиз  эркаклар ҳақида фикрини ўзгартириши ва дуо қилиши керак бўлади. Қиз бола қизлик давридан эркаклар ҳақида бирор инсондан таъсирланса, эркакларнинг барчаси ҳақида ўша нуқтаи назар пайдо бўлади. Ва ўша образлар онг остига ёзилади. Келажакда эса ана шу образларни турмуш ўртоқ, фарзандлари кўрсатиб бераверади. Аллоҳ таоло  “Бандамнинг гумонидаман”, деган. Бизнинг ўй-фикрларимиз эса бизнинг гумонимиздир. Гумонимизга яраша  вазиятлар билан тўқнаш келаверамиз. Шунинг учун ўй-хаёлларни ижобий тарзда шакллантиришга эътибор қаратиш керак. Агар вазият жуда жиддий бўлса, психолог билан маслаҳатлашсинлар. Сиз эса вазиятлардан таъсирланманг. Барча ҳолатлар иймонимизни, даражамизни ўстириш учун берилади.