Она розилиги

02:24 / 06.04.2020 | Guli | 689
Ассалому алайкум! Ёшлигимдан ҳарактерим оғир қиз бўлганман. Бошимга тушган ҳар бир ишда ўзимни айбдор ҳис қиламан. Хатоларим туфайли пушаймон бўладиган ишларни кўп қиламан. Ҳарактеримдан ташқари ҳаётим чала тақдир бўлгани ҳам қўшимча бўлган. Яқинларимни кўп ҳафа қилиб қўйяпман. Айниқса онам ва опаларимни. Ўзим буни хоҳламайман. Лекин шу тилим билан гапириб қўйиб, кўп хафа қилиб қўяман. Хафа қилгандан кейин 3-4 кунгача ўзимни ўзим ич этимни еб сиқилиб, йиғлаб юраман. Лекин ўшанда ҳам кечиринг, деб кўнгилларини ололмайман. Ҳалим, юмшоқ, ширин сўзли бўлишни жуда хоҳлайман, яхшилик қилишга ҳаракат қиламан, лекин доим тескариси бўлади. Нима қилсам хам уйдагиларни рози қилолмаяпман. Намозни қолдирмай ўқишга ҳаракат қиламан. Нима маслаҳат берасизлар? Қандай сура дуоларни ўқисам ўзгаришим мумкин?
Руҳшунос:

– Ва алайкум ассалом! Кўпроқ истиғфор айтиб, ҳадисларнинг шарҳларини ўқиб, мазмунини тушунишга ҳаракат қилинг. Ота-онага, яқинларига озор бериб бўлмаслиги шариатимизга ҳам, миллатимизга ҳам, инсонийликка ҳам тўғри келмайдиган иллат. Шайх Ҳазратлари Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг “Ҳадис ва Ҳаёт” номли китобларида шундай дейилади: «Жаннатга миннатчи ҳам, оқ қилинган ҳам, хамрни сурункали ичувчи ҳам кирмас».

Ушбу ривоятда жаннатга кирмайдиганлар, яъни дўзахга кирадиганлардан уч тоифаси ҳақида сўз кетмоқда.

1. Миннатчи.

Ўзининг қилган яхшиликларини миннат қиладиган кишилар Қуръони Каримда ҳам, Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатларида ҳам кўпдан-кўп танқидларга учраганлар, уларга турли аламли азоблар ваъда қилинган. Бу ҳадиси шарифда эса уларнинг жаннатга кирмасликлари таъкидланмоқда. Аллоҳ таоло: 

«Садақаларингизни миннат ва озор бериш билан ботил қилманг», деган (Бақара сураси, 264-бет).

Миннат қилиш ҳаромдир. Фақат ота ўз боласига, устоз ўз шогирдига ва эр ўз хотинига миннат қилса, уларнинг ҳақлари улуғлиги учун жоиз ҳисобланади.

2. Оқ қилинган. 

  Ота-онасига оқ бўлиш қанчалик оғир гуноҳ эканлигини гапириб ўтирмасак ҳам бўлади. Оқ бўлиш туфайли жаннатга кириш мумкин бўлмай қолишининг ўзи бу ишнинг нима эканлигини очиқ кўрсатиб турибди”. Шундай экан ўзини мусулмон деб билган барча инсонлар мумкин қадар ота-онага сабрли бўлишга ҳаракат қилмоқликлари керак ва бу ерда характер ҳақида гапириб ўтирмаса ҳам бўлади. Тўғри кечирим сўраш қийин бўлиши мумкин. Демак шунга ундовчи ишларни бажармаслик керак. Албатта бунинг учун ният қилиш лозим. Чунки ният қилинганда инсоннинг онгига гўё буйруқ каби ёзилиб қолинади ва инсон ўзини қўл олиб, сабрлироқ бўлиши осон кечади. 

 Валлоҳу аълам!