Қалин пули

19:19 / 31.03.2020 | Ro'zigul | 1499
Ассалому алайкум! Ҳозирги кунда турмушга чиқаётган қизга куёв тарафдан бериладиган қалин пули маҳр ўрнига ўтадими?
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом!  

Маҳрлар

Маҳр келиннинг сепидир. Ҳар бир никоҳда маҳр беришлик вожиб ҳисобланади. Лекин никоҳ аҳдида маҳрни зикр қилишлик никоҳни дуруст бўлиш шартларидан саналмайди. Зеро никоҳдан мақсад маҳр олиш эмас, балки асосий мақсад ўзаро алоқа боғлаш ва ҳузурланишдир.

Бир киши маҳр бермаслик шарти билан бир қизга уйланса жумҳур уламолар наздида никоҳ дуруст бўлади. Моликийларда эса дуруст бўлмайди. Маҳрнинг ҳикматларидан бири, агар маҳр берилмаса эр арзимас сабаблар билан хотинни талоқ қилишга уринади. Ушбу ҳолатда маҳр аёлнинг ҳурматини сақлайди. Ўзаро оилавий алоқаларнинг бўшашиб кетишининг олдини олади.
(Яъни маҳр бермаса уйлана олмаслигини эр ҳис қилса ва яна маҳрга бирор қадрли нарсани тақдим этган бўлса ҳуда-беҳудага оилани бузиш ҳаракатида бўлавермайди).
Маҳр икки хил бўлади.
1. Номи айтилган маҳр;
2. Маҳри мисл.
Агар маҳр айтилмай никоҳ қилинса келинга маҳри мисл берилади. Яъни ўша қизнинг дини, жамоли, ҳасаби, моли, ақли, илми, одоби ва бикрлиги эътиборидан бошқа қизларга қанча маҳр берилаётган бўлса бунга ҳам шуни таъйин қилинади. Албатта бунда келиннинг ҳолати билан бирга куёвнинг ҳам ҳолати эътиборга олинади. Агар келин ўз тенгиларидан ортиқроқ бўлса ёки бирор нуқсони бўлса шунга қараб муносиб тарзда маҳр оширилади ёки тушурилади. Гоҳида маҳри мисл умумий ишора билан белгиланиб, бир оз зиёда ёки камроқ бўлиши мумкин. Чунки маҳри мислни хос тафтиш қилиб белгиланса маломатчилар турли бўлмағур гапларни қилишлари мумкин. Маҳрнинг кўпига чегара йўқлигига фуқаҳолар иттифоқ қилишган, лекин ози хусусида ихтилофлар мавжуд. Баъзилар маҳрнинг энг ози ўн дирҳам бўлади дейишса, бошқалар ундан кўпроқ ёки камроқ дейишган. Аммо маҳрнинг ҳаддан зиёд кўпайтирмаслик мустаҳаб амаллардандир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисда:
“Сепининг (яъни маҳрининг) оз бўлиши, ишининг енгил бўлиши аёлнинг баракасидандир”,-деб марҳамат қилганлар[1].
Гоҳида икки тараф келишиб маҳрни бир қисмини маҳфий, бошқа қисмини ошкор қилишлари мумкин. Яна гоҳо маҳрни одамлар эшитсин ёки кўрсин учун шов-шув ҳам қилинади. Келинга борадиган уйини жиҳозлаш, асбоб-ускуна олиб бориш, уй-анжомлари билан тўлдириши вожиб эмас. Чунки бу каби нафақалар вожиб нафақалар сирасига кириб, уни бажариш куёвнинг зиммасига вожибдир. Агар келинлар ўзи билан бирга уй-анжом жиҳозлари олиб келса буни хайрия дейилади.
Маҳр гоҳида нақд берилса, баъзан насия қилинади. Насия қилинганда уни вақтини аниқ белгилаб қўйилган бўлмаса маҳрнинг охирги бериш муддати талоқ ёки ўлим бўлади. Ким хотинини унга яқинлик қилмасдан талоқ қилса айтилган маҳрнинг ярмини тўлайди.

Валлоҳу аълам!