Келинга зулм

16:24 / 02.04.2020 | Zarina | 936
Ассалому алайкум! Ҳозир кўпчилик келинларнинг муаммоларидан бири бўлмиш қайнисингил ва қайниэгачиларнинг келинга бўлган ёмон муносабати, айниқса турмуши бўлмаганларининг келинга қилаётган зулми масаласида ёзаётгандим. Айтингчи, келинларни уларни олдидаги қанчалик бурчи ва вазифалари бор, баъзи ҳолларда шундай ҳолларни кўрамизки, ажрашиб келган қайнибуйни келинни қул қилиб олиб, ўзи ва фарзандларини бутун юмушларини унинг бўйнига илиб, камига кунда, кунора жанжал чиқариб, келин ва акаси ёки укасини орасига раҳна солаётган, келинни ҳаётда тузукроқ яшашга қўймаётганлирини кўрамиз. Худди уларнинг омадсиз турмушига келин айбдордек. Келин уларни ва фарзандларини юмушини бажаришга мажбурми? Бир дугонамнинг ҳам 2 қайниопаси ажрашиб келган, қайнонаси билан биргалашиб дугонамга жуда кўп зулм қилишмоқда. Ҳозир жуда тушкун аҳволга тушиб қолган. Ҳатто бир неча бор ўзини ўзи ўлдириш учун чоғланибди. Аллоҳдан қўрқиб ва 2 фарзандини кўзи қиймай бу йўлдан қайтибди. Орамизда бундай келинларни кўплаб топамиз. Илтимос, зулмкор қайнибуйниларга бир насиҳат қилинг! Бу нарсаларнинг қандай оқибатларга олиб келишини ҳам айтиб ўтсангиз. Зора орамиздаги зулмкор инсонлар жавобларингизни ўқиб, ўзларига тўғри хулоса чиқариб, инсофга келишса.
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Келин қайинагачи ва қайинсингилларга хизмат қилишга мажбур эмас. Бу унинг масъулиятига кирмайди. Қайинагачи ва қайинсингилларнинг келиндан хизмат қилишни сўрашга ҳақлари йўқ, на ўзлари учун ва на фарзандлари учун. Келиннинг ҳаётини фитнага тўлдирадиган бўлсалар, жанжалга сабаб бўладиган бўлсалар, гуноҳи кабирани қилишадиган бўлади. Фитначилик мақомига эришишади. Зулмкорлардан бўлишади. Аллоҳ эса зулмкорларни севмайди. Келинлар улар билан силаи раҳм қилиши, уларнинг ҳурматини қилиши керак.  Валлоҳу аълам!