Таҳажжуд ва қазо намозлар

16:23 / 02.04.2020 | Nargiza | 892

Ассалому алайкум! Таҳажжуд намозига шунчалар қизиқаманки ўқигим келаверади, лекин ўқий олмайман. Негаки қазо намозлари бўла туриб таҳажжуд ўқилмас экан. 1. Қазо намозларимни тугаганини ва улар қанчалигини қаердан биламан, чунки аввал ўқиб-ўқимай юрган пайтларим ҳам бўлган. Тўлиқ қазодан озод бўлишимни билмайманку, ўқийвераманми?

 2. Саҳар туриб қазо намозиниям, тахажжудниям ўқисам бўладими?

3. Қазо намозлар қайси вақтда ўқилади?

«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! 

1. http://savollar.islom.uz/s/63140 линкдаги маълумотдан фойдаланиб тахминий муддатни ортиқроғи билан белигилаб оласиз.

2. Шу турганингизда қазоларингизни ўқисангиз ҳам қазоларингиз зиммангиздан адо бўлади, ҳам қиёмуллайл (кечаси туриш) савобини топасиз. Чунки қуйидаги ҳадисдаги намоздан мурод фарз намозларидир. 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Одамларнинг қиёмат куни энг аввал ҳисоб-китоб қилинадиган амаллари намоздир. Аллоҳ азза ва жалла Ўзи билиб турса ҳам, фаришталарга:

«Бандамнинг намозига назар солинглар. Уни тугал қилдимикан ёки ноқис қилдимикан?» дейди. Бас, агар (намози) тугал бўлса, унга (намози) тугал, деб ёзилади. Агар ундан (намоздан) бирор нарса камайган бўлса, У зот:

«Назар солинглар, бандамнинг нафли бормикан?» дейди. Бас, агар нафли бўлса, «Бандамнинг нафл­ (намоз)идан фарзини тугал қилинглар», дейди.

Сўнгра закот ҳам шунга ўхшаш бўлади. Кейин ҳамма амаллар ана шунга ўхшатиб олинади», дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.

Термизий келтирган лафзда:

«Албатта, банданинг қиёмат куни энг аввал ҳисоб-китоб қилинадиган амали намозидир. Агар у (намоз) дуруст бўлса, батаҳқиқ, (банда) ютуққа эришади ва нажот топади. Агар у (намоз) фосид бўлса, батаҳқиқ, (банда) ноумид бўлади ва хусронга учрайди. Бас, агар унинг фарз намозидан бирор нарса камайиб қолса, Робб азза ва жалла: «Унинг фарзини нафлларидан тўлдиринглар», дейди», дейилган.

3. https://savollar.muslimaat.uz/savol/145