– Ва алайкум ассалом! Аввалам бор. Саволингиз тушунарсиз. Мен тушунганимга жавоб беришга ҳаракат қиламан. Таҳоратга кириб ҳожат ушлатиш таҳоратни бузади. Қайтадан, мукаммал таҳорат олиш шарт бўлади. Ҳожат чиққан авратнинг ўзини ювиш кифоя қилмайди. Валлоҳу аълам.
таҲоратнинг фарзи
Бизнинг тилимизда «таҳорат» деб ўрганиб қолинган маълум ва машҳур нарса араб тилида «вузуъ» дейилади.
«Вузуъ» сўзи луғатда «гўзаллик» ва «ялтираш» деган маъноларни билдиради.
Шариатда эса Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш нияти ила баъзи аъзоларни ювишга вузуъ – таҳорат деб айтилади.
Фарзнинг таърифини аввал ўрганганмиз. Бунга қўшимча равишда айтишимиз лозимки, фарз бажарилмаса, унга боғлиқ амал ҳам қилинмаган ҳисобланади. Мисол учун, таҳоратнинг фарзларидан бирортаси қолиб кетса, таҳорат адо этилган бўлмайди.
Энди «Мухтасари Виқоя»да келган матнни ўрганишга киришайлик.
فَرْضُ الْوُضُوءِ: غَسْلُ الْوَجْهِ مِنَ الشَّعَرِ إِلَى الْأُذُنِ وَأَسْفَلِ الذَّقَنِ، وَيَدَيْهِ وَرِجْلَيْهِ مَعَ مِرْفَقَيْهِ وَكَعْبَيْهِ، وَمَسْحُ رُبْعِ رَأْسِهِ، وَكُلِّ مَا يَسْتُرُ الْبَشَرَةَ مِن لِحْيَتهِ.
«Таҳоратнинг фарзи – юзни сочдан қулоққача ва жағнинг тагигача, икки қўл ва икки оёқни чиғаноқлари ҳамда тўпиқлари билан ювиш. Бошининг тўртдан бирига ва соқолининг юзини тўсиб турган (қисм)ига масҳ тортишдир».
Шарҳ: Демак, таҳоратнинг фарзи тўртта экан.
1. Юзни сочдан қулоққача ва жағнинг тагигача… ювиш.
Бу ердаги ювишдан мурод аъзодан камида икки қатра томадиган даражада сувни етказиш ёки қуйишдир.
Аъзоларни бир марта ювиш фарздир.
Юзнинг узунасига бўлган чегараси пешонанинг соч ўсган жойидан жағнинг остигачадир. Юзнинг кўндалангига чегараси бир қулоқнинг юмшоқ жойидан иккинчи қулоқнинг юмшоқ жойигачадир.
Икки лабнинг ва буруннинг уст қисмлари ҳам юздан ҳисобланади. Қош, киприк, мўйлаб, юздаги қиллар, пастки лабнинг ўртасига чиқадиган туклар (мўйлар) ва соқолнинг юздаги қисмини ювиш ҳам фарздир.
Аммо соқол ўта қалин бўлса, тагига сув етказиш фарз эмас. Соқолнинг осилиб турадиган қисмини ювиш фарз эмас.
2. Икки қўлни чиғаноқлари билан ювиш.
Қўлни ювишни бармоқ учларидан бошлаб чиғаноқда тугатилади. Бармоқларнинг бурушган жойларини ва бармоқнинг учини тўсиб турган тирноқларнинг остини ювиш ҳам фарздир. Терига ва тирноқларга сув етишини тўсадиган ҳар бир нарса – бўёқми, лакми ёки яна бошқа бир нарсами, ҳаммасини кетказиш фарз.
Бармоқда узук бўлса, уни қимирлатиб, тагига сув етказиш лозим.
3. Икки оёқни тўпиқлари билан ювиш.
Оёқни ювишни бармоқ учларидан бошлаб тўпиқда тугатилади.
4. Бошининг тўртдан бирига ва соқолининг юзини тўсиб турган (қисм)ига масҳ тортмоқ.
«Масҳ» ҳўлланган қўлни бирор аъзога суртишдир. Қўлнинг ҳўли сув идишидан ёки бирор аъзони ювгандан қолган сувдан бўлиши мумкин. Аммо масҳ тортгандан қолган ҳўллик бўлса, мумкин эмас. Масҳни бир марта тортиш кифоя қилади.
Агар соқол ўта қалин бўлса, унга ҳам масҳ тортилади. Соқол сийрак бўлса, юзга қўшиб ювилиши маълум ва машҳур. Лекин Абу Ҳанифа ва имом Муҳаммад соқолидан юзини тўсиб турганининг юза қисмига масҳ тортиш ўрнига сув етказишни вожиб деганлар ва бу улардан қилинган ривоятнинг энг саҳиҳидир. «Бадоеъ» китобининг соҳиби Абу Шужоъ раҳматуллоҳи алайҳидан «Уламоларнинг барчаси бу қавлдан бошқасидан қайтганлар», деган сўзни нақл қилган. «Фатавои зоҳирия» китобида: «Шунга фатво берилган», дейилган.
Таҳоратнинг фарзлари қуйидаги ояти каримадан олинган:
Аллоҳ таоло Моида сурасида:
«Эй иймон келтирганлар! Намозга турсангиз, юзларингизни ва қўлларингизни чиғаноқлари ила, бошларингизга масҳ тортиб, оёқларингизни тўпиқлари ила ювинглар», деган (6-оят).