– Ва алайкум ассалом!
Аллоҳ таоло:
«Ҳар қанча интилсангиз ҳам, хотинлар ўртасида ҳаргиз адолатли бўла олмассиз. Бас, бир йўла мойил бўлиб кетиб, у(баъзиси)ни эри йўқолган аёлга ўхшатиб қўйманг. Агар ислоҳ этсангиз ва тақво қилсангиз, албатта, Аллоҳ Ғафур ва Роҳиймдир», деган («Нисо» сураси, 129-оят).
Шарҳ: «Нисо» сурасида келган ушбу ояти каримада кўп хотинли эрнинг хотинларига нисбатан қалбидаги муҳаббати ҳақида сўз кетмоқда. Кўп хотинли эр ҳеч қачон ҳамма хотинларига чин қалбдан бир хил муҳаббат қўя олмайди. Чунки аёл кишига бўладиган муҳаббат режа, ўлчов ёки бошқариш билан бўладиган нарса эмас. Қалб икки хотиндан биригагина кўпроқ мойил бўлиши турган гап. Аммо бу дегани қалб муҳаббатидан бошқа нарсаларда ҳам адолатсизлик қилиш жоиз, дегани эмас.
Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло оятнинг давомида:
«Бас, бир йўла мойил бўлиб кетиб, у(баъзиси)ни эри йўқолган аёлга ўхшатиб қўйманг», демоқда.
Яъни, кўнглингизда муҳаббати ўрнашган хотинингизга бир йўла мойил бўлиб кетиб, бошқа хотинингизни муаллақага ўхшатиб қўйманг.
«Муаллақа аёл» деб, хотин бўлиб, хотин эмас, боши очиқ бўлиб, боши очиқ эмас, аросат ҳолда «осилиб» қолган аёлга айтилади.
Эри уни хотин ўрнида кўрмайди, шу билан бирга, талоқ қилиб, бошини очиб ҳам қўймайди. Бундай муллақлик аёл кишига нисбатан зулмдир. Шунинг учун Аллоҳ таоло бу масалада эрни адолатли бўлишга чорламоқда.
Кўнгил масаласи тушунарли иш. Аммо бошқа маҳалда кўпхотинли киши хотинларининг ҳаммасига баробар, адолатли муомалада бўлиши шарт. Шариатнинг ҳукми шу. Бундан бошқача бўлиши мусулмончиликка тўғри келмайди. Мазкур адолат қай тарзда бўлишини келгуси ҳадиси шарифларда ўрганамиз.
Ояти кариманинг давомида:
«Агар ислоҳ этсангиз ва тақво қилсангиз, албатта, Аллоҳ Ғафур ва Роҳиймдир», дейилмоқда.
Шунга биноан, эр-хотинлик ишларида доимо ислоҳни кўзда тутиб, тақво билан иш юритиш ҳар бир мусулмон учун лозим ва лобуддир. Мусулмон киши ўзининг барча имкониятларини ишга солиб, ислоҳ йўлини тутиб, оиласини сақлаб қолиш, кўпхотинлик бўлса, улар орасида адолатли бўлишга ҳаракат қилиши керак.
2002- عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ t، عَنِ النَّبِيِّ r قَالَ: مَنْ كَانَتْ لَهُ امْرَأَتَانِ فَمَالَ إِلَى إِحْدَاهُمَا جَاءَ يَوْمَ الْقِيَامَةِ وَشِقُّهُ مَائِلٌ.
2002. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Кимнинг иккита хотини бўлса-ю, улардан бирига мойил бўлса, қиёмат куни бир томони мойил (фалаж) бўлган ҳолда келади», дедилар».
Шарҳ: Икки хотинли бўлиш осон эмаслиги ушбу ҳадиси шарифдан кўриниб турибди. Икки хотинли бўла туриб, улардан бирига яхши қараб, бошқасига нисбатан адолатсиз муносабатда бўлса, қиёмат куни бундай одамнинг аҳволи оғир кечар экан. Қиёмат куни танасининг ярми шол – фалаж ҳолида тирилар экан. Хотинлардан бирига адолатсиз бўлишнинг жазоси ана шундайдир.
2003- عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: كَانَ النَّبِيُّ r يَقْسِمُ بَيْنَ نِسَائِهِ فَيَعْدِلُ وَيَقُولُ: اللَّهُمَّ هَذَا قَسْمِي فِيمَا أَمْلِكُ، فَلَا تَلُمْنِي فِيمَا تَمْلِكُ وَلَا أَمْلِكُ. رَوَاهُمَا أَصْحَابُ السُّنَنِ.
2003. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам хотинлари орасида тақсимни адолат билан қилар эдилар ва:
«Аллоҳим! Бу ўзим эга бўлган нарсадаги тақсимим. Сен Ўзинг эга бўлиб, мен эга бўлмаган нарсада мени маломат қилмагин», дер эдилар».
Икковини «Сунан» эгалари ривоят қилганлар.
Шарҳ: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз хотинларига нафақани, кийимни, турар жойни, муомалани бир хил қилар эдилар. Шу билан бирга, кўнгил ишига келганида ўзларининг хоҳишларидан ташқари нарсада камчилик содир бўлса, Аллоҳ таолодан кечиришини сўраб турар эдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдек зот шундай бўлганларидан кейин оддий кишилардан кўп хотинлиларнинг ҳолини билиб олсак бўлаверади.
2004- وَعَنْهَا قَالَتْ: كَانَ رَسُولُ اللهِ r لَا يُفَضِّلُ بَعْضَنَا عَلَى بَعْضٍ فِي الْقَسْمِ مِنْ مُكْثِهِ عِنْدَنَا، وَكَانَ قَلَّ يَوْمٌ إِلَّا وَهُوَ يَطُوفُ عَلَيْنَا جَمِيعًا، فَيَدْنُو مِنْ كُلِّ امْرَأَةٍ مِنْ غَيْرِ مَسِيسٍ حَتَّى يَبْلُغَ إِلَى الَّتِي هُوَ يَوْمُهَا فَيَبِيتَ عِنْدَهَا. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَأَحْمَدُ وَالْبُخَارِيُّ.
2004. Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тақсимда, олдимизда қолишларида бизнинг баъзимизни баъзимиздан устун кўрмас эдилар. Ҳаммамизнинг олдимизга кириб, айланиб чиқмаган кунлари оз бўлар эди. Тегмасалар ҳам, ҳар бир аёлнинг ёнига кириб чиқар, навбат куни келганнинг олдида тунаб қолар эдилар».
Абу Довуд, Аҳмад ва Бухорий ривоят қилганлар.
Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз хотинлари олдида навбат билан ётар эдилар. Лекин навбати келган онамизнинг ҳужраларига кириб ётишларидан олдин бошқа оналаримизнинг олдиларига бир-бир кириб, хабар олиб, кўнгилларини олиб чиқар эдилар.
Валлоҳу аълам!