Бомдод ва шом намозидан кейинги зикрлар

09:39 / 11.04.2020 | Sohibjon | 1163
Ассалому алайкум! Аллоҳ таоло барчамизни ўз паноҳида асрасин. Омин! Мен бомдод ва шом намозларидан кейин иложи борича ўзим алоҳида ўтириб “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи”, “лаа илалаҳа иллаллоҳ”,” Субҳоналлоҳил азим” ва шунга ўхшаш зикрларни ҳар бирини 100мартадан айтиб,охирида Аллоҳдан гуноҳларимни мағфират қилишини сўраб дуолар қиламан. Саволим шу эдики, шу зикрларни бомдод ва шом намозидан олдин қилган яхшими ёки кейинми? Кўчада юрганимда ва ишлаётганимда ҳам зикрлар қиламан. Шу вақтда қандай қоидаларга амал қилиш лозимлиги ҳақида ҳам батафсил тушунтирсангиз?
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом!

 

- وَعَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ r قَالَ: مَنْ كَانَتِ الْآخِرَةُ هَمَّهُ جَعَلَ اللهُ غِنَاهُ فِي قَلْبِهِ، وَجَمَعَ لَهُ شَمْلَهُ، وَأَتَتْهُ الدُّنْيَا وَهِيَ رَاغِمَةٌ، وَمَنْ كَانَتِ الدُّنْيَا هَمَّهُ جَعَلَ اللهُ فَقْرَهُ بَيْنَ عَيْنَيْهِ، وَفَرَّقَ عَلَيْهِ شَمْلَهُ، وَلَمْ يَأْتِهِ مِنَ الدُّنْيَا إِلَّا مَا قُدِّرَ لَهُ.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким охират ғамида бўлса, Аллоҳ унинг қалбини беҳожат ва хотирини жам қилиб қўяди. У хоҳламаса ҳам, дунё унга ўз-ўзидан келади. Ким дунё ғамида бўлса, Аллоҳ унинг кўз ўнгига камбағалликни келтириб қўяди ва хотиржамлигини пароканда қилади. Унга дунёда ўзига тақдир қилинганидан бошқаси келмайди», дедилар».

Шарҳ: Албатта, охират ғамида бўлган банда унда бирор нарсага эришиш учун ҳаракат қилади ва ўша ҳаракати унга ютуқ келишига сабаб бўлади.

Зеро, Аллоҳ таоло «Исро» сурасида:

«Ким охиратни истаса ва унга эришиш учун мўмин бўлган ҳолида керакли ‎ҳаракатини ‎қилса, бас, ана ўшаларнинг ҳаракатлари мақбулдир», деган (19-оят).

Демак, охират саодатига эришиш учун фақат уни исташ, хоҳлашнинг ўзи кифоя қилмас экан. Унга эришиш учун истак билан бирга, иймон ва жиддий ҳаракатлар ҳам даркор экан. Истак билан бирга, энг аввал иймон керак, усиз ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Истак ва иймон бўлса-ю, керакли саъй-ҳаракат қилинмаса ҳам натижа чиқмайди. Демак, охират саодатига эриштирувчи ишларни ҳам амалга ошириш керак. Яъни одам охиратда яхши натижага эриштирадиган ишларни қилиши, охиратда жаҳаннамга дучор этадиган ишларнинг яқинига йўламаслиги лозим бўлади.

«...бас, ана ўшаларнинг ҳаракатлари мақбулдир».

Улар бу дунё ва охират саодатига эришадилар. Аллоҳ таоло бу дунёда уларнинг қалбларини беҳожат ва хотиржам қилиб қўяди. Улар хоҳламаса ҳам, дунё уларга ўз-ўзидан келадиган қилиб қўяди.

Бас, шундай экан, банда дунёнинг ғамини бир четга қўйиб, охират ғами билан яшамоғи лозим. Ана шундагина бу дунёси ҳам, у дунёси ҳам обод бўлади.

4870- عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ t، عَنِ النَّبِيِّ r قَالَ: إِنَّ لِكُلِّ شَيْءٍ شِرَّةً وَلِكُلِّ شِرَّةٍ فَتْرَةً، فَإِنْ كَانَ صَاحِبُهَا سَدَّدَ وَقَارَبَ فَارْجُوهُ، وَإِنْ أُشِيرَ إِلَيْهِ بِالْأَصَابِعِ فَلَا تَعُدُّوهُ.

4870. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳар бир нарсанинг рағбати бор. Ҳар бир рағбатнинг сўниши ҳам бор. Агар унинг эгаси тўғри иш қилган ва (амални мўътадилликка) яқинлаштирган бўлса, унинг учун (яхшиликни) умид қилинг. Агар унга бармоқлар ила ишора қилинса, уни (ўша яхшилик умид қилинадиганлардан) ҳисобламанг», дедилар».

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда кишиларнинг бу дунёда олиб борадиган фаолиятларининг натижалари ҳақида гап кетмоқда. Агар кишининг бу дунёдаги фаолияти мўътадил ва ўртача бўлса, унинг оқибати яхши бўлишидан умид қилса бўлар экан. Аммо бир киши бу дунёдаги дунёвий ва диний ишларда қўл билан ишора қиладиган даражада машҳур бўлса, ортида бир гап бўлар экан. Чунки одатда, Аллоҳ таоло баъзи сақлаганлардан бошқаларда, бармоқ билан ишора қилинадиган даражага етганларнинг фаолиятлари риё учун бўлади.

Шунинг учун банда бундай ишларда ҳушёр бўлмоғи лозим.

4871- وَعَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ r قَالَ: إِنَّ اللهَ يَقُولُ: يَا ابْنَ آدَمَ، تَفَرَّغْ لِعِبَادَتِي أَمْلَأْ صَدْرَكَ غِنًى وَأَسُدَّ فَقْرَكَ، وَإِلَّا تَفْعَلْ مَلَأْتُ يَدَيْكَ شُغْلًا وَلَمْ أَسُدَّ فَقْرَكَ. رَوَى هَذِهِ الثَّلَاثَةَ التِّرْمِذِيُّ.

4871. Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, Аллоҳ: «Эй одам боласи! Ибодатимга фориғ бўл – кўксингни бойликка тўлдираман, камбағаллигингни тўсаман. Агар ундай қилмасанг, икки қўлингни меҳнатга тўлдираман ва камбағаллигингни тўсмайман», дейди», дедилар».

Учта ҳадисни Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифдаги Аллоҳ таолонинг ибодатига фориғ бўлиш киши ўз қалбида Аллоҳ таолонинг муҳаббатидан бошқа нарсанинг муҳаббатига жой қолдирмаслигидир. Бундай мақом эса ибодатни кўп қилиш, бошқачароқ қилиб айтганда, фарз ибодатларни мукаммал адо қилиб бўлгандан сўнг нафл ибодат, хусусан, зикр билан машғул бўлиш ила юзага келади. Албатта, бу даражага етган кишининг қалби савдо-сотиқ, тижорат, касб билан шуғулланаётган пайтда ҳам Аллоҳ таоло билан бирга бўлади. Қўли иш қилади-ю, қалби Аллоҳ таолонинг зикри билан машғул бўлади. Аллоҳ таоло ана шундай даражага етган бандасининг кўксини бойликка тўлдиради ва камбағаллигини тўсади. Бу банданинг назари тўқ бўлади. Унинг қалбидаги Аллоҳ таолога бўлган муҳаббат ўткинчи дунё ҳақида ташвиш қилишга йўл қўймайди.

Шу билан бирга, у камбағал ҳам бўлиб қолмайди. Тарихда мол-мулкининг ҳисобига етиб бўлмайдиган тариқат шайхлари бўлган. Аммо уларнинг мол-мулклари ибодат ва зикр билан машғул бўлишларига халақит бермаган. Ва аксинча, ибодат ва зикрлари мол-мулкларига зарар етказмаган. Ана шу азизларнинг қалбларида Аллоҳ таолонинг муҳаббатидан бошқа нарса бўлмаган.

Агар банда Аллоҳ таолонинг ибодатига фориғ бўлмаса, унинг назари оч бўлади ва доимо мол-дунё ташвишида бўлади. Бундай кишининг керагидан кўп моли бўлса ҳам, яна ўзини дунёга уришдан ва очкўзликдан тўхтамайди. Аллоҳ таоло бундай кишининг икки қўлини меҳнатга тўлдиради ва камбағаллигини тўсмайди.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, банданинг қалби Аллоҳ таолонинг муҳаббати, ибодати ва зикри билан тўлиб-тошган бўлса, у қалбда дунёнинг муҳаббатига жой қолмайди. Бундай банда жисми билан мол-мулк учун ҳаракат қилаётган бўлса ҳам, қалби доимо Аллоҳ таолонинг зикри билан банд бўлади. У Нақшбандийнинг «Дил ба ёру даст ба кор» шиорига амал қилган бўлади.

Қабр азобини ўйлаб юришнинг ўзи ақли-хуши жойида бўлган ҳар бир бандани тўғри йўлга солиб қўйиши турган гап. Шунинг учун ҳам Нақшбандия тариқатида ҳар бир зикр жалсасидан олдин йўлга қўйилган уч боғланишдан бири – «Робитатул мавт», яъни ўлим ила боғланиш бўлган. Унда зокир ўлимни ва ундан кейин бўладиган ҳолатларни бирма-бир ёдга олади ва кейин зикрга ўтади. Ҳар бир киши ўз тажрибасида бу ишни йўлга қўйиб олмоғи даркор.

 Валлоҳу аълам!