Дуо ҳақида

08:52 / 19.04.2020 | M | 563
Ассалому алайкум! Қандай дуо қилишни билмаяпман. “Бирортаси сўраса қатъият билан сўрасин, “Аллоҳим хоҳласанг бергин” демасин, чунки Аллоҳни мажбурловчи йўқ” ҳадисини ўқидим. Лекин ўйлаяпман, масалан биз бир нарсани хоҳласак уни биз Аллоҳдан қатъият билан сўрасак шубҳасиз Аллоҳ беради, аммо шу нарса биз учун хайрли бўлмаслиги мумкунку, биз яхши кўрган нарсада ёмонлик, ёмон кўрган нарсамизда яхшилик бўлиши мумкунку”. Шу маънодаги оят ҳам борку. Мен дуода "Аллоҳим мен учун хайрлисини бер" деб сўрар эдим. Бу нотўғрими? Мен қандай дуо қилай? 1. Аллоҳим менга ......ни бер 2. Аллоҳим менга хайрлисини бергин, мен учун нима яхшилигини ўзинг билгувчисан 3. Аллоҳим менга ....ни бер ва уни мен учун хайрли қилгин. Мен қандай дуо қилай? Бу дуоларни қилганда ҳар бирининг ижобати ҳар хил бўладими, яъни масалан мен бир нарсани хоҳласам қайси кўринишдаги дуони қилишим керак? Фарқи борми?
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом!

Сиз аввало дуо билан талабнинг фарқини тушуниб олинг. Шунда саволингизга жавоб топилади.

لَا يَكُنْ تَأَخُّرُ أَمَدِ الْعَطَاءِ مَعَ الْإلْحَاحِ فِي الدُّعَاءِ مُوجِبًا لِيَأْسِكَ، فَهُوَ ضَمِنَ لَكَ الْإِجَابَةَ فِيمَا يَخْتَارُهُ لَكَ، لَا فِيمَا تَخْتَارُهُ لِنَفْسِكَ، وَفِي الْوَقْتِ الَّذِي يُرِيدُ لَا فِي الْوَقْتِ الَّذِي تُرِيدُ.

Дуодаги илтижога қарамай, бериш муддатининг кечга сурилиши умидсизлигингга сабаб бўлмасин. У Зот сенга Ўзи ихтиёр қилган нарсани Ўзи ирода қилган вақтда ижобат қилиш кафолатини берган.  Сен ихтиёр қилган нарсани сен ирода қилган вақтда эмас.

Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳ ушбу ҳикматда дуо қилган банда риоя қилиши лозим бўлган буюк одобни эслатмоқда. Гоҳида баъзи бандалар қанчалик ёлвориб дуо қилса ҳам ижобат бўлмаганидан умидсизикка тушиб қоладилар. Бу эса тўғри эмас. Дуо бобида ҳам руҳий тарбия устозлари ояти карима ва ҳадиси шарифларни юқори мақомлардан англаб етиб, иймон ва эҳсон даражаларида муолажа қилиш тажрибаларини ҳаётга татбиқ қилганлар. Ушбу ҳикмат ўша тажрибаларга йўғрилган ҳикматлардан биридир. Биз ҳам уларнинг тажриба ва шарҳларидан фойдаланишга ҳаракат қиламиз.

Аввало дуонинг маъносини билиб олайлик. «Дуо» сўзи араб тилида чақириш, сўраш маъноларини англатади. Кўпинча дуо қилиш ҳамда бирон нарсани талаб қилиш маънолари бир-бирига аралашиб кетади. Шунинг учун талаб нима-ю, дуо нима эканини аниқ билиб олиш алоҳида маъно касб этади.

Талаб – сўровчи нутқ қиладиган лафзнинг васфидир. «Менга тилаган нарсамни бергин» каби.

Дуо эса сўровчида пайдо бўладиган нафсий ҳолатдир. Мазкур нафсий ҳолат икки нарса билан: қалб ва ҳисларнинг уйғоқлиги ҳамда уларнинг ҳар бирининг синиқлик ва ҳокисорлик ила Аллоҳ таолога юзланиши билан ва яна дуо қилувчининг ўзи қилган гуноҳлар учун Аллоҳ таолога сидқидилдан тавба қила бошлаши билан бўлади.

Ҳа, дуо қилинаётган пайтда қалб ва ҳисларнинг уйғоқлиги ҳамда уларнинг ҳар бирининг синиқлик ва хокисорлик ила Аллоҳ таолога юзланиши бўлмаса, одатга кўра, икки қўлни кўтариб, тилга келган талаб сўзларини такрорлаётган бўлади.

Бундай вақтларда қалб ғофил бўлиши, тилда бир гап, хаёлда эса бошқа гап бўлиши ҳам мумкин. Албатта, бу ҳолатни дуо деб бўлмайди.

Бас, шундай экан, бу ишни қилаётган одамни «Фалончи Аллоҳ таолодан сўрамоқда», дейишимиз мумкин. Аммо «Фалончи Аллоҳ таолога дуо қилмоқда», дея олмаймиз.

Кўпчилик бирор нарсага эришмоқчи бўлса, турли дуоларни ўрганиб, ёд олади. Уларни такрор-такрор ўқиб, Аллоҳ таолодан ўз тилагини сўрайди. Аммо сўраган нарсасига етиша олмай юраверади, чунки у ҳақиқий дуо қилгани йўқ, шунчаки сўраш билан банд. Дуо деб аталадиган нафсий ҳолатга эришгани йўқ.

Шу билан бирга, у ўзи қилган гуноҳлар учун Аллоҳ таолога сидқидилдан тавба қилишни бошлагани ҳам йўқ. Балки гуноҳ қилишда давом этаётган бўлиши ҳам мумкин.

Ахир бирор одамдан бир нарсани сўрайдиган одам ўша берувчига нисбатан беодоблик содир этган бўлса, аввал мазкур беодоблик учун узр айтиб туриб, кейин сўровини сўрайди-ку!? Нима учун Аллоҳ таолога гуноҳ қилган банда У Зотдан узр сўрамай туриб, яна сўровини сўраши керак? Аллоҳ таолога осий бўлиб туриб, яна қандай қилиб У Зотдан «Менга фалон нарсани бер», дея талаб қила олади?!

Шунинг учун ҳам баъзан ўзи ҳақида қилган дуоси қабул бўлган кишиларнинг кўпчилик учун қилган дуолари қабул бўлмайди. Чунки бу кишининг ўзи тавбани яхши қилиб, дуони ихлос билан қилган бўлади. Аммо кўпчилик ичида гуноҳга ботиб, бунга парво ҳам қилмай юрган кимсалар бўлиши мумкин. (“Ҳислатли ҳикматлар шарҳи” китобидан)

 Валлоҳу аълам!