Ассалому алайкум! "Ҳадис ва ҳаёт" китобининг 5-жузида Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам намозларида айтган сано дуолари, рукуда, саждада, икки сажда орасида айтган дуолари келтирилган экан. Биз ҳам шу дуоларни фарз намозларимизда, суннат намозларимизда, нафл намозларимизда айтсак бўладими? Жавоб учун олдиндан рахмат.
– Ва алайкум ассалом!
عَنْ ثَوْبَانَ t قَالَ: كَانَ رَسُولُ اللهِ r إِذَا انْصَرَفَ مِنْ صَلَاتِهِ اسْتَغْفَرَ ثَلَاثًا وَقَالَ: اللَّهُمَّ أَنْتَ السَّلَامُ وَمِنْكَ السَّلَامُ، تَبَارَكْتَ يَا ذَا الْجَلَالِ وَالْإِكْرَامِ.
وَفِي رِوَايَةٍ: كَانَ النَّبِيُّ r إِذَا سَلَّمَ لَمْ يَقْعُدْ إِلَّا مِقْدَارَ مَا يَقُولُ: اللَّهُمَّ أَنْتَ السَّلَامُ الخ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا الْبُخَارِيَّ.
581. Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозларидан чиқсалар, уч марта истиғфор айтар ва «Аллоҳумма антассалам ва минкассалам табарокта йаа залжалали вал икром», дер эдилар».
Бошқа бир ривоятда:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам салом берсалар, «Аллоҳумма антассалам...»ни айтиш миқдоричагина ўтирар эдилар», дейилган.
Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Шарҳ: Намозни ўқиб бўлиб, салом бергандан кейин қимирламай туриб, уч марта «Астағфируллоҳ» дейиш ва «Аллоҳумма антассалам»ни охиригача ўқиш ҳозирда расм бўлган ва унга амал қилинади.
582- عَنْ زَيْدٍ مَوْلَى النَّبِيِّ r، عَنْ النَّبِيَّ r قَالَ: مَنْ اسْتَغْفَرَ اللهَ الَّذِي لَا إِلَهَ إِلَّا هُوَ الْحَيَّ الْقَيُّومَ وَأَتُوبُ إِلَيْهِ، غُفِرَ لَهُ وَإِنْ كَانَ فَرَّ مِنَ الزَّحْفِ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ وَلَفْظُهُ: مَنْ اسْتَغْفَرَ اللهَ الْعَظِيمَ.
582. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлолари Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким «астағфируллоҳаллази ла илааҳа илла ҳувал ҳайюл қайюм ва атубу илайҳи» деса, у мағфират қилинур, гарчи жангдан қочган бўлса ҳам», дедилар».
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.
Термизийнинг лафзида:
«Ким улуғ Аллоҳга истиғфор айтса» дейилган.
Шарҳ: Ҳадиси шарифнинг ровийcи Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик:
Зайд ибн Ҳориса ибн Шураҳбил ал-Калбий, кунялари Абу Усома. Зайд жоҳилият даврида ўғирланиб, сотилади. Кейинчалик уни Хадича онамиз сотиб олиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга турмушга чиққанларида у зотга ҳадя қиладилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайд ибн Ҳорисани озод қилиб, ўғил қилиб оладилар ва аммаларининг қизлари – Зайнаб бинти Жаҳшга уйлантириб қўядилар. Зайд Зайнабни талоқ қилганларидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини чўрилари Умму Айманга уйлантириб қўядилар. Бу хотинларидан Усома ибн Зайд туғиладилар.
Зайд ибн Ҳориса Исломга аввалгилардан бўлиб кирадилар. Бадр, Уҳуд, Ҳандақ, Хайбар жангларида иштирок этадилар. Бадр жангидаги мусулмонларнинг ғалабаси ҳақидаги хабарни Мадинага олиб келган зот шу киши эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кишини ҳаммаси бўлиб, еттита сарийя (қўшин)га амир қилиб тайинлаганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари ичида ёлғиз Зайд ибн Ҳорисанинг исмигина Қуръонда зикр қилингандир.
Бир куни Зайднинг оталари билан амакилари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига ўғилларини сўраб келишганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ихтиёрни Зайднинг ўзига ташлайдилар. Зайд эса улар билан кетишга рози бўлмайди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида қолишни ихтиёр этади.
Зайд ибн Ҳориса ҳижратнинг 8-йили, Шомдаги Муъта ғазотида 55 ёшларида шаҳид бўлдилар.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлоси дегани — озод қилинган қуллари маъносидадир. Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу жуда машҳур саҳобий бўлсалар ҳам, фақат шу ҳадисни ривоят қилганлар, холос.
Дуонинг маъноси: «Буюк Аллоҳга, Ундан ўзга ибодатга сазовор зот бўлмаган, тирик ва ўта қоим бўлган Аллоҳга истиғфор айтаман ва Унга тавба қиламан».
583- عَنْ وَرَّادٍ مَوْلَى الْمُغِيرَةِ بْنِ شُعْبَةَ t قَالَ: كَتَبَ الْمُغِيرَةُ إِلَى مُعَاوِيَةَ إنَّ رَسُولَ اللهِ r كَانَ إِذَا فَرَغَ مِنَ صَلَاتِهِ وَسَلَّمَ قَالَ: لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ وَحْدَهُ لَا شَرِيكَ لَهُ، لَهُ الْمُلْكُ وَلَهُ الْحَمْدُ، وَهُوَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ، اللَّهُمَّ لَا مَانِعَ لِمَا أَعْطَيْتَ، وَلَا مُعْطِيَ لِمَا مَنَعْتَ، وَلَا يَنْفَعُ ذَا الْجَدِّ مِنْكَ الْجَدُّ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا التِّرْمِذِيَّ.
583. Муғийра ибн Шўъба розияллоҳу анҳунинг мавлолари Варрод розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Муғийра Муовияга:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон намозларидан фориғ бўлиб, салом берсалар:
«Лаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳу лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ала кулли шайъин қодийр. Аллоҳумма ла манеъа лима аътойта ва ла муътия лима манаъта ва ла янфаъу зал жадди минкал жадду», дер эканлар», деб хат ёзди».
Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.
Биз у зотга эргашишимиз керак. Валлоҳу аълам!