Шахсий буюм

02:34 / 23.04.2020 | Lobar Sharapova | 680
Ассалому алайкум! Қайнона келиннинг шахсий буюмларини айтмасдан олиб қўйиб, ишлатиши жоизми? Саволим ноўрин бўлса узр сўрайман.
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Қайнона келиннинг буюмини унинг розилигисиз олиши жоиз эмас. Бу иш бошқанинг молига тажовуз бўлгани учун ҳаромдир. Валлоҳу аълам.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг аёлларидан бирининг ҳузурида эдилар. Мўминларнинг оналаридан бири бир идишга таом солиб, ўз ходимларидан юбордилар. Бас, у (аёл) идишни қўли билан уриб, синдирди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам идишнинг икки бўлагини бир-бирига қўшиб жамлаб, унга таомни йиға бошладилар ва «Онангиз рашк қилди, енглар», дедилар.

Улар то у(аёл)нинг идиши келгунча едилар. У зот «Енглар», деб, хизматчини ҳам, идишни ҳам тутиб турдилар. Токи улар (таом ейишдан) фориғ бўлганларида бутун идишни хизматчига бердилар».

Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган. Ушбу лафз Абу Довудники.

Шарҳ: Ушбу ривоятда исмлари айтилмаётган, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларида бўлган завжаи мутаҳҳаралари Оиша онамиздирлар.

Бўлиб ўтган ҳодисани ровийлар мақтовга сазовор эмас деб тушуниб, у муҳтараманинг исмларини очиқ айтмай, учинчи ғойиб шахс сийғасида «У аёл» деб аташган.

Бошқа бир ривоятда эса бу ҳодисани Оиша онамиз ўзлари айтиб берганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг уйларида бир тўп кишилар билан ўтирганларида София онамиз таом пишириб, ходимлари орқали юборадилар. Идиш ҳам, таом ҳам Оиша онамизникидан яхши бўлади. Шунда Оиша онамизни титроқ тутиб, София онамизнинг идишларини уриб, синдирадилар. Идиш иккига бўлиниб, таом тўкилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам идишнинг бўлакларини йиғиштириб, ушлаб туриб, таомни унга тўплайдилар ва ўтирган кишиларга «Онангизнинг рашки келди, сиз (ҳеч хижолат бўлмай) таомни енглар», дейдилар.

Бошқа ривоятда айтилишича, Оиша онамиз «Эй Аллоҳнинг Расули, қилган ишимнинг каффороти нима?» дейдилар.

У зот «Идишга ўхшаш идиш, таомга ўхшаш таом», дейдилар. Шунда улар София онамизнинг синган идишларига ўхшаш идиш олиб келишга кетадилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эса одамларга таомни едириб, таом олиб келган хизматчини кетказмай турадилар. Таом еб бўлинганидан кейин Оиша онамиз розияллоҳу анҳо олиб келган бутун идишни хизматчига берадилар.

Ушбу ривоятдан олинадиган фойдалар:

1. Оилавий ҳаётда турли ҳолатларнинг бўлиб туриши.

2. Рашк табиий ҳол эканлиги.

3. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сабрлари ва улуғворликлари.

4. Бировнинг мулкини зое қилган одам худди ўша зое қилган нарсасига ўхшаш нарсани тўлаб бериши лозимлиги.

Албатта, бировнинг нарсаси омонат ҳисобланади. Омонатга хиёнат қилмаслик эса ҳар бир мусулмоннинг бурчидир.(“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан )