– Ва алайкум ассалом!
Мужоҳада
Бу мақомда ўз нафсини тергаган одам унинг маъсият қилганини кўрса, юқорида айтиб ўтилган азоблар билан жазолайди.
Агар дангасалик туфайли баъзи фазилатли ишларни ёки вирдларни озроқ қилган бўлса, нафсига баъзи вирдларни кўпайтириш ёки турли оғир вазифаларни юклаш билан одоб беради. Аллоҳ таолонинг розилигини кўзлаган обидлар шундай қилар эдилар.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бир марта аср намозини жамоат билан ўқий олмай қолганида нархи икки юз минг дирҳам бўлган ерини садақа қилган.
У киши розияллоҳу анҳу қай бир намозни жамоат билан ўқий олмай қолса, ўша кечаси ухламай намоз ўқиб чиқар эди. Бир куни шом намозини кечикиб, иккита юлдуз чиққанида ўқиди ва шу камчилик учун иккита қулни озод қилди.
Нафси доимий равишда вазифаларни бажаришга чидамайдиган одамлар бу нуқсонни йўқотиш учун катта мужтаҳидларнинг ҳикояларини ўргансин, улардан ўрнак олсин. Яна солиҳ кишидан муносибини топиб, шогирд тушсин ва ўша кишидан маслаҳат ҳамда ўрнак олсин.
Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтади: «Агар уч нарса бўлмаганида, бир кун ҳам яшашни истамасдим: кундузи Аллоҳ учун чанқаш, кечаси Аллоҳга сажда қилиш ва худди хурмонинг яхшиси танлаб олинганидек, сўзнинг яхшисини танлаб гапирадиган қавмларнинг суҳбати».
Робийъ ибн Хайсамнинг қизи: «Отажон! Нима учун одамларнинг ухлаганини кўраман-у, сизнинг ухлаганингизни кўрмайман?» деганида, у: «Қизгинам! Отанг тунгги ҳужумдан қўрқади», деб жавоб берган экан.
Обидлардан бири қуйидагиларни айтади: «Иброҳим ибн Адҳамнинг ҳузурига борсам, энди хуфтонни ўқиб бўлган экан. Мен уни кузатиб турдим. У ўзини бир ридога ўради. Кейин ёнбошлаб, кечаси билан тонг отгунча бирор марта қимирлаб ҳам қўймади. Муаззин азон айтди. У таҳорат қилмади. Бу менда шубҳа туғдирди ва унга: «Аллоҳ сенга раҳм қилсин. Кечаси билан ёнбошлаб ухлаб чиқдинг. Аммо таҳоратингни янгиламадинг?» дедим.
«Кечаси билан аҳёнда жаннат боғларини кезиб, аҳёнда дўзах водийларида юриб чиқдим. Бундай ҳолатда уйқу бўладими?» деди у.(“Руҳий тарбия” китобидан)
Валлоҳу аълам!