Ассалому алайкум! Мен бир ишни бошласам охирига етказолмайман. Ёшим 27 да, турмушга чиққанимга 7 йил бўлди, ҳали фарзандларимиз йўқ. Бирор бир ишни иштиёқ билан бошлаб, ярмига ҳам етмасдан қилгим келмай қолади. Масалан бир китобни охиригача ўқийман деб ният қилиб зўр иштиёқ билан бошлайман, узоғи 3-4 кун ўқийман, кейин ўқимай қўяман, бошим ғовлаб кетади. Хотирам ҳам пасайяпти. Тил ўрганишга, ҳадислар, дуолар ёдлашга қизиқаман, аммо хотира ва миямни қандайдир «тормозланиб» қолиши ва тез зерикишга ўхшаган нарсалар панд беради. Бирор нарсадан озгина сиқилсам бирпасда бошим оғрийди, охирги пайтларда тез асабийлашадиган бўлиб қолганман. Илтимос, менга маслаҳат беринг.
– Ва алайкум ассалом! Энг биринчи ўринда эндокринолог кўригига бориб, қон таҳлилларингизни текширтириб олишингиз керак. Сиз айтган ҳолат кўпинча витамин Д, кальций, калий, цинк, йод минералларининг етишмовчилиги бўлганида, сифатли уйқу етарли даражада бўлмаганида, нотўғри овқатланиш сабабидан ҳам содир бўлади. Ҳамда мия иш фаолияти инсон ҳар нарсаларга эътибори тортилиши туфайли бузилади ва хотирага, бирон ишни охирига етказа олмаслигига, чарчоқни доимо ҳис этишига олиб келади. Эътибор деб телевизор, интернет тармоқларини назарда тутяпман. Чунки бир маълумотни мия “ҳазм” қилиб ололмай туриб тезда иккинчи маълумотга ўтилиб кетилиши инсоннинг миясига қаттиқ таъсир қилиб, бир ишни қойиллатмаган бўлсада инсонда чуқур чарчоқ ҳиссини ҳосил бўлшига олиб келаверади. Шунинг учун ўзингизнинг кун тартибингизни шундай тузиб чиқингки унда уйқуга, пиёда сайр қилишга (ҳозирда карантин вақтида уй ичида у ёқдан бу ёқга юрса, ўтириб туриш машқларини ва бошқа жисмоний машқларни бажарса ҳам бўлади), витамин ва озуқавий моддаларга бой бўлган нарсаларни истеъмол қилиш учун ўрганиб чиқишингиз учун вақт ажратилган бўлиши керак. Китоб ўқир экансиз кўп ўқимай оз-оздан ўқиб туринг ва албатта ўқиганларингизни дафтарга ёзиб боринг. Валлоҳу аълам!