Мусиқага қизиқиш

10:21 / 27.04.2020 | Sitora | 729
Ассалому алайкум! Ҳали ёшман,вояга етмаганман. Мусиқага жуда ҳам қизиқаман. Ҳар куни эшитаман десам муболаға бўлмайди. Мусиқа ҳақида турли аудиолар эшитдим, ҳаммасида фикрлар ҳар ҳил. Сизлардан аниғини билмоқчи эдим. Мусиқани тўхтатишим керакми ёки эшитса бўладиган қўшиқлар ҳам борми? Ёки умуман динимизда мусиқа таъқиқланганми?
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Кўпчилик уламолар одоб, ахлоқ, мардлик ва яхши сифатларга чорловчи маънодаги куйга солиб айтилган нарсаларни жоиз деганлар. Аммо ибодатга, тоатга футур етмаслиги шарти билан. Нафсингизни Қуръон ўқиш ва эшитишга ўргатинг.

Нафснинг асл моҳияти

Нафс десак, аввало инсонни гуноҳу маъсиятга етакловчи салбий маънодаги ҳою ҳаваслар, шаҳватлар, эҳтирослар ёдимизга келади. «Нафсим менинг балодир, ёнган ўтга солодур», «Нафси ёмон ҳайитда ўлибди» дейди доно халқимиз. Қачон бир гуноҳ ҳақида гапирсак, «нафсига эргашиб, шу ишни қилибди», «нафсингни жиловла, гуноҳ қилмас», деймиз. Шунинг учун хаёлимизда нафс бизни доим ёмон ишга, гуноҳга чақириб турадиган нарса деган тасаввур шаклланиб қолган. Аслида эса, чуқурроқ ўйлаб кўрсак, бизни йўлдан урган нарса нафс эмас, шайтондир. Шунда ҳам шайтон бизнинг қўлимиздан судраб бориб, гуноҳ қилишга мажбур қилмайди. Унинг иши гуноҳга васваса қилиш, холос. Гуноҳни ўзимиз қиламиз. Шундай экан, «шайтон йўлдан уриб, гуноҳ қилдим» эмас, «шайтон васваса қилган эди, унинг васвасасига учиб, йўлдан урилиб, гуноҳ қилиб қўйдим» десак, тўғрироқ бўлади. Аммо бир ўйлаб кўрайлик-чи, бизни нафс йўлдан урадими ёки шайтонми? Агар шайтон йўлдан урса, нафснинг гуноҳдаги иштироки қандай? Масаланинг яна бир томони борки, Аллоҳ таоло Қуръони Каримда бир ўринда нафсни “Албатта , нафс ёмонликларга буюрувчидир” (Юсуф сураси) деса, бошқа ўринда гуноҳ қилган одамни маломат қиладиган нафс ҳақида ҳам сўз юритиб, уни «нафси лаввома» деб атайди. Биз одатда виждон деб атайдиган нафс ҳам бор эканки, у инсонни тергаб, ёмон иш қилса, танқид қилиб, маломат қилиб турар экан. Яна бошқа бир ўринда эса, “Аннафсул мутмаиннаҳ” деб уни мақтаган ҳам. Хўш, бу қандай нафс? Агар у бизни гуноҳ туфайли маломат қилса, бундан чиқди, жуда унчалик ёмон нарса ҳам эмас экан-да? Ёки нафснинг ҳам яхшиси ва ёмони бўлармикин? Бу жумбоқнинг ечими шу қадар теран маъноли, шу қадар улкан аҳамиятли эканки, у ҳақда батафсил тўхталиб ўтмасак бўлмайди. Чунки нафснинг асл моҳиятини тушунишга ҳаракат қилсак, нафақат нафс ҳақидаги, балки умуман бу дунёдаги ҳаётимиз, феъл-атворимиз ҳақидаги тасаввурларимиз остин-устин бўлиб кетиши мумкин экан.

 Валлоҳу аълам!